10 тур давом этган мусобақа якунида ғолибликни Россия Федерацияси вакили Санан Сюгиров қўлга киритди. У 10 имкониятдан 7,5 очко тўплашга муваффақ бўлди. Худди шунча очко жамғарган америкалик шахматчи Ханс Ниеманн эса қўшимча коэффициентларга кўра 2-ўрин билан чекланди. Кучли учликка яна бир рус шахматчиси Максим Матлаков якун ясаб берди. У якунда 7 очко жамғарди.
Ҳамюртларимиз орасида энг яхши кўрсаткични қайд этган Жавоҳир Синдаров ҳам якунда 7 очко жамғарди ва 5-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик шахматчилар орасида ўз имкониятидан юқори сакраган Акмал Файзуллаев ҳам шунча очко тўплади ва бу натижа билан у халқаро гроссмейстер талабини бажаришга муваффақ бўлди. Шунингдек, «Президент кубоги» халқаро турнирида Нилуфар Ёқуббоева аёллар ўртасида гроссмейстер, эркаклар ўртасида ФИДE устаси талабларини бажарганлиги эътиборга молик.
Бугун Халқаро шахмат академиясида мусобақанинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдухакимов, Араб мамлакатлари шахмат федерацияси раиси Шайх Сауд Алмуалла, ФИДE президенти ёрдамчиси Берик Балгабаев, ФИДE турнирлар комиссияси раиси Ўзгур Солакоғлу, мусобақа бош ҳаками Ашот Вардапетян ва бошқалар иштирок этди.
«Шахмат ақл машқи сифатида инсонни руҳий камолотга етаклайди. Шу сабабдан, бугунги кунда ушбу спорт турини Ўзбекистондаги ҳар бир хонадон ва ҳар бир гўшага кириб боришини таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ва бу ислоҳотлар шунчаки спортчиларни тарбиялаш учун эмас, балки мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросининг ақлий салоҳиятини юксалтириш ва келажакда ҳар қандай соҳада ўз ўрнига эга бўлишида пойдевор бўлиши йўлида амалга оширилмоқда», - деди ёпилиш маросимида сўзга чиққан Туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси А.Абдухакимов.
Шундан сўнг мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бошланди. Унда блис турнир, қолаверса, 12 ёшгача бўлган ўсмирлар, 20 ёшгача бўлган шахматчилар, фахрийлар ҳамда аёллар йўналишидаги ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Мусобақанинг мутлақ ғолиби Санан Сюгиров 12 минг, 2-ўрин соҳиби Ханс Ниеманн 10 минг ва 3-ўринни эгаллаган Максим Матлаков 9 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди.
Шунингдек, тақдирлаш маросимида фахрий меҳмонлар ҳам Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан эсталик совғалари билан тақдирланишди.