Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда гибрид форматда ташкил этилган тадбирда ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик, идоралари, илмий-академик ва таҳлилий доиралари вакилларидан иборат 30 нафардан зиёд етакчи экспертлар иштирок этиб, рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ютуқларни муҳокама қилмоқда.

Мазкур форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни ШҲТнинг Душанбе саммитида илгари сурилган эди. 

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Президентининг ушбу форумни ўтказиш бўйича ўз вақтида илгари сурган муҳим ташаббуси иштирокчиларга ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги хавф-хатарларга қарши курашишга оид ягона сиёсатни шакллантириш бўйича аниқ таклифлар, амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек ШҲТ мамлакатлари фуқаролари ахборотдан эркин ва ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишини таъминлаш бўйича умумий ёндашувларни келишиб олиш имконини беради. 

Ушбу кенг қамровли масалаларни кўриб чиқиш учун форум кун тартиби 3 мавзуга оид сессияга бўлинган:

1. Ахборотдан фойдаланиш кўламини кенгайтириш – замонавий жамиятни ривожлантиришнинг муҳим омили.

2. Ахборий-ғоявий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши самарали жавоб чораларини ишлаб чиқиш.

3. АКТ жадал ривожланиши шароитида нозик ахборот инфратизими объектларини ҳимоя қилиш.

Мазкур тадбир минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот ва кибер макондаги хатарларга қарши кураш борасидаги салоҳиятини ошириш имконини беради.