Бу ҳақда Тошкент давлат тиббиёт университетида Ўзбекистон Республикаси бош неврологи, профессор Ёқутхон Мажидова ташаббуси билан «Сунъий интеллект неврологияда» мавзусида ташкил этилган илмий конференция ва мастер-классда айтиб ўтилди. Тадбир Ўзбекистон Неврологлар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилди.

Спикерлар нутқида сунъий интеллектнинг тиббиёт ва неврология соҳасидаги имкониятлари кенг ёритилди. Академик Константин Лядов онкологик беморларни реабилитация қилиш масаласида маъруза қилиб, кексалар соғлиғини қўллаб-қувватлашда жисмоний машғулот тренажёрларининг аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Профессор Ёқутхон Мажидова ўз нутқида сунъий интеллект технологиялари инсультдан кейинги реабилитация жараёнида катта аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, рақамли технологиялар ёрдамида беморлар учун шахсийлаштирилган реабилитация дастурларини ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлмоқда.

«Reamed» клиникаси асосчиси Равшан Маҳмудов эса реабилитациянинг турли босқичларида замонавий технологиялар ва индивидуал ёндашувлардан фойдаланиш беморларнинг соғайиш жараёнини анча тезлаштиришини қайд этди.