Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Жорий йилнинг 1 август куни Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ташаббуси билан Исроилнинг “GCI Gemological Centers Ltd.” компанияси ҳамда Ўзбекистондаги “Expert One” масъулияти чекланган жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Янги марказ Тошкент шаҳрида жойлашади ва у қимматбаҳо тошларни “GCI” халқаро стандартлари асосида баҳолаш ва сертификатлаш, профессионал геммологик экспертизалар ўтказиш ҳамда ушбу соҳада таълим дастурларини амалга ошириш билан шуғулланади.

“GCI” компанияси бош менежери Йеҳуда Якарнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда филиал очиш ҳақидаги қарор мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестиция муҳитидаги ижобий ўзгаришлар, халқаро ишончнинг мустаҳкамланиши ҳамда инсон капиталига бўлган алоҳида эътибор туфайли қабул қилинган.

Марказнинг ташкил этилишида Исроилдаги “Янги Ўзбекистон” савдо-инвестиция уйи раҳбари Наргиза Қодированинг фаол иштироки алоҳида қайд этилди. Мазкур уй 2024 йил август ойида Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси кўмагида ташкил этилган бўлиб, йирик савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.

Маълумот учун, “GCI Gemological Centers Ltd.” — дунё миқёсида тан олинган, Исроилда жойлашган нуфузли геммология компанияси бўлиб, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни баҳолаш, уларни халқаро мезонлар асосида сертификатлаш ва соҳавий таълимни ташкил этиш йўналишларида фаолият юритади.