Фестивалда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар жамоалари иштирок этади.
Фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад – ёш авлодни спортга жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантириш, спорт турларини аҳоли орасида оммалаштириш ва янада ривожлантириш, мусобақаларни ўтказиш орқали ўсмирлар ва ёшларнинг иродаси, ўз кучи, имкониятига бўлган ишончини, мардлик ҳамда ватанпарварлик туйғуларини оширишдан иборат.
Мусобақалар спортнинг волейбол (ўғил болалар ва қизлар), бадминтон, шахмат, стол тенниси, кураш, қўл жанги, кўча спорти (Street Workout), кўча баскетболи (Street Ball), армрестлинг, баҳодирлар ўйини, футбол ҳамда енгил атлетиканинг югуриш турлари бўйича ташкил этилади.
“Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остида бўлиб ўтадиган спорт мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли спорт-соғломлаштириш комплекси, яъни “Жар” спорт мажмуасида 28-29 июнь кунлари ўтказилади. Ҳар бир иштирокчи фақат битта спорт турида қатнашиш ҳуқуқига эга.
Мусобақада Тошкент шаҳридаги 12та туман вакиллари ҳар бир спорт туридан битта жамоа бўлиб қатнашиши мумкин. Талабномалар Низомга асосан 25 июнь куни соат 18:00га қадар топширилиши белгиланган.