«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат 2026 йил 13 январь куни соат тахминан 02:03 да содир бўлган.

Филиали ҳудудида 2018 йилда ишлаб чиқарилган, “MAN A22 CNG” русумли, давлат рақами 01 | 903 OJA, сарой рақами 012 бўлган автобус ёниб кетган.

Филиалнинг навбатчи ходимлари томонидан соат 02:10 да 101 қисқа рақамига қўнғироқ қилиниб, ёнғин ҳақида хабар берилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ўт ўчириш бўлинмаси соат 02:20 да ҳодиса жойига етиб келган ва ёнғин соат 02:40 да тўлиқ бартараф этилган.

Мазкур автобусга бириктирилган ҳайдовчи Маҳмудов Муроджон (1979 йилда туғилган, умумий иш стажи — 10 йил, филиалда — 3 йил) 101-сонли йўналишда ҳаракатланган. У 2026 йил 12 январь куни соат 04:16 да навбатчи механиклар томонидан текширувдан ўтиб, автобусни техник соз ҳолатда соат 05:33 да филиал ҳудудидан олиб чиққан ҳамда кунлик қатновларни тўлиқ бажариб, соат 22:00 ларда ишни якунлаган.

Шундан сўнг ҳайдовчи “Davron sifatli gaz” МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчасида автобусга газ қуйдириб, соат 23:29 да филиал ҳудудига қайтиб келган ва автобусни эшиклари ёпиқ ҳолда сафга қўйган.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.

Мазкур ҳолат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган бўлиб, айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилади.