Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда электр қувватлантириш шохобчалари фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Пойтахт ҳокимлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, шаҳардаги электр қувватлантириш инфратузилмаси тўхтатилгани йўқ ва ишлашда давом этмоқда. Тошкентда қуввати 20 кВтдан юқори бўлган 1300 га яқин тезкор қувватлантириш қурилмаси ўрнатилган, ўтказилаётган хатлов эса тармоқ фаолиятининг тўхтатилишини англатмайди — у уланишларни тартибга солиш ва аҳоли учун хавф-хатарларни камайтириш мақсадида зарур.

Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 3 март куни 12 та ишчи гуруҳ тузилиб, улар хатлов ишларини бошлади. Бугунги кунга қадар 300 дан ортиқ шохобча хатловдан ўтказилди, бу эса уланишлар ҳолатини ва тармоққа тушаётган амалдаги юкламани баҳолаш имконини бермоқда.

Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди: 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

“Бу нима учун муҳимлигини содда қилиб тушунтирамиз. Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган тезкор қувватлантириш — бу электр тармоқлари учун жиддий юкламадир: битта автомобиль қисқа вақт ичида ўнлаб киловатт энергия истеъмол қилиши мумкин. Агар уланиш ҳисоб-китобларсиз ва техник шартларсиз амалга оширилса, турар жой биноларининг электр таъминотида ҳаддан ташқари юклама ва узилишлар хавфи ортади. Биз эса бир шаҳар аҳлимиз ва биз учун уйлар, мактаблар ва шифохоналарда электр энергиясининг барқарор бўлиши ҳаётий муҳим аҳамиятга эга”, - дейилади хабарда.