Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари жалб этилган. Ҳудуд ўраб олиниб, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан комплекс техник текширув ўтказилмоқда.
Мутахассислар томонидан сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, тупроқнинг ортиқча намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламалар ортиши каби омиллар дастлабки тахмин сифатида кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизими ҳолати ва объектни қабул қилиш жараёнлари ҳам ўрганилмоқда.
Текширув якунларига кўра тиклаш ишлари бўйича қарор қабул қилиниши белгиланган. Агар қоидабузарликлар ёки ишлар лозим даражада бажарилмагани аниқланса, масъул шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, мазкур йўл ўтказгич — «Буюк турон» кўприги («Троицкий мост» номи билан ҳам танилган) Темур Малик кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 128,6 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган бўлиб, 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган.