Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳаво ифлосланиши, айниқса, тунги пайтда ҳарорат кескин пасайиб, шамол эсмаган шароитда кучайиши мумкин. Бундай вазиятда атмосферада юзага келадиган ҳарорат инверсияси ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин қатламда тўпланишига олиб келади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, кўмир ёқадиган иссиқхоналардан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари кўпайган. Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси ҳаво сифати ёмонлашгани ва иссиқхоналарни кўмир билан иситиш натижасида нохуш ҳидлар пайдо бўлаётганидан шикоят қилган.
Мурожаатлар бўйича жойларда ўрганишлар ўтказилиб, ҳаводан намуналар олинган. Бу орқали ифлослантирувчи моддаларни атмосферага чиқараётган манбаларни аниқлаш ва қоидабузарларга нисбатан чора кўриш учун маълумотлар тўпланмоқда.
Иссиқхоналар қандай талабларга жавоб бериши керак?
Махсус ишчи гуруҳ иссиқхона хўжаликларини замонавий ва экологик хавфсиз иситиш тизимларига ўтказиш бўйича таклифларни кўриб чиқди.
Унга кўра, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхоналарда қуйидаги энергия манбаларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда:
табиий ва суюлтирилган газ;
электр энергияси;
геотермал ва қуёш энергияси;
иссиқлик электр станцияларида ҳосил бўладиган иккиламчи иссиқлик энергияси.
Агар ушбу манбалардан фойдаланиш имконияти бўлмаса, кўмирда ишлайдиган иситиш тизимларига ҳам рухсат бериш таклиф қилинмоқда. Бироқ бунда иссиқхоналар белгиланган экологик меъёрларга жавоб берадиган замонавий, сертификатланган қозонлар ва чиқинди газларни тозалаш фильтрлари билан жиҳозланиши шарт.
Шунингдек, видеокузатув тизимларини ўрнатиш ҳамда тегишли маълумотлар ва видеотасвирларни Миллий экологик мониторинг марказига узатиш назарда тутилмоқда.
Фильтрлар синовдан ўтказилди: натижа талабга жавоб бермади
Иссиқхона хўжаликлари вакиллари Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозонхона ускунаси ҳамда фильтрлардан иборат тизимнинг тажриба намунасини тақдим этди.
30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари ушбу қурилма орқали атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори бир неча бор ўлчанди. Қўмита маълумотига кўра, синов натижалари чиқиндилар миқдори аҳоли саломатлиги учун хавфсизлик талабларига мувофиқ эмаслигини кўрсатган.
Келишувга мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари фильтр намунасини такомиллаштириши, шундан сўнг ишчи гуруҳ уни қайта синовдан ўтказиши белгиланган.
Айни пайтда иссиқхона қозонлари фильтрлари учун хавфсиз чиқинди меъёрларини белгилашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси ҳам тайёрланган.
«Яшил иссиқхоналар» учун имтиёзлар берилиши мумкин
Экологик тоза технологияларга ўтишни режалаштираётган иссиқхона хўжаликлари учун субсидиялар ва солиқ имтиёзлари пакетини жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига нисбатан тақиқ сақланиб қолади.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда иссиқхона хўжаликлари устидан доимий экологик мониторинг олиб боришини маълум қилди. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга нисбатан амалдаги мораторий талабларига риоя этилиши лозим.
Ҳозирча иссиқхоналар учун таклиф этилаётган талаблар, субсидиялар ва солиқ имтиёзлари масалалари кўриб чиқилмоқда. Демак, кўмирда ишлайдиган барча иссиқхоналарга чекловсиз рухсат берилмоқда, деган хулоса чиқаришга асос йўқ.