Тошкент шаҳрида ДХХнинг шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари пойтахт ИИББ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Юнусобод туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилди.
Натижада унинг ёнидаги учта кичик идишда жами 257 грамм гашиш мойи борлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахснинг яшаш манзилидан соф оғирлиги 2 килограмм 831 грамм бўлган гашиш мойи ҳамда электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, унинг интернет-наркодўконда фаолият юритгани маълум бўлди.
Фарғона вилоятида ҳам ДХХ бошқармаси ходимлари вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказди.
Жумладан, Фарғона туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган шахс қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган 982 грамм гашиш моддасини шартли харидорга 10 700 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа бир ҳолатда эса Фарғона шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро қўшни давлатдан контрабанда қилинган ва Фарғона туманидаги яширин жойга қолдирилган 956 грамм гашиш моддасини қабул қилиб олган.
У доимий яшаш манзилига қайтиб кетаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.