Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг туман бўлимларидан бири инспектори фуқарога давлат захирасидаги 20 гектар ер майдонидан табиий чимни кўчириб олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ҳамда уни ташиш учун декларация ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор тадбир давомида мазкур маблағнинг 200 АҚШ долларини инспектор ўзида қолдириб, қолган 2 минг АҚШ долларини туман бўлими бошлиғига бериши кераклиги аниқланган. Кейинги тезкор ҳаракатлар давомида туман бўлими бошлиғи ҳам 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Навоий вилоятида эса Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Навоий сув таъминоти» АЖнинг туман бўлимларидан бири машинисти маҳаллий фуқарони мансабдор танишлари орқали оператор лавозимига ишга жойлаштириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, тадбир давомида ушбу пул маблағини олган вақтида муқаддам судланган бош муҳандис ҳам ушланган. Тергов ҳаракатлари жараёнида мазкур ноқонуний ишга туман бўлими бошлиғи ҳам алоқадор экани аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.