Тадбирни ОТБ президенти Масато Канда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев очиб берди.

Таъкидланишича, 2027 йил бошига қадар Тошкент халқаро молиявий маркази ишга туширилади. У инвесторлар учун инглиз умумий ҳуқуқига асосланган юрисдикция, мустақил суд тизими ва солиқ имтиёзларини тақдим этади.

Шунингдек, тадбирда мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, жумладан, опцион ва эскроу-ҳисобварақларини легаллаштириш, муқобил инвестиция фондлари тўғрисидаги қонун ҳамда 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 147 миллиард долларга етгани алоҳида қайд этилди.

Панел муҳокамаларида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов, ОТБ бош юридик маслаҳатчиси Томас Cларк ҳамда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая иштирок этди.

Мутахассислар трансчегаравий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Инвестиция кенгашларининг минтақавий альянсини ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.

Тадбир якунида Жамшид Хўжаев иштирокчиларни 2026 йил 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган 5-Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф қилди. Форум доирасида Инвестиция кенгашларининг минтақавий альянсини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланиши кутилмоқда.