Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов АҚШдаги учрашуви давомида RS Capital Engineering компаниясининг Россия ва Марказий Осиё бўйича директори Фредерик Фалкенберг билан музокара ўтказди. Учрашувда янги ташкил этилган «Янги авлод» махсус саноат зонасида юқори технологияли ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.
Маълум қилинишича, INNOVATION TECHNOLOGIES заводини ташкил этиш лойиҳасининг умумий қиймати 42 миллион долларни ташкил этади. Шундан 29,4 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобланади. Келгусида лойиҳаларни кенгайтириш салоҳияти эса 200 миллион доллардан зиёд баҳоланмоқда.
29,2 гектар майдонда барпо этиладиган корхонада 180 дан ортиқ турдаги маҳсулот, жумладан, трансформаторлар, генераторлар, электр двигателлари, насослар, подстанциялар ва тақсимлаш қурилмалари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Дастлабки босқичда маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизга етказилади. Лойиҳа доирасида 650 та иш ўрни яратиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни Америка стандартлари асосида тайёрлаш кўзда тутилган.
Корхонада лазерли кесиш, роботлаштирилган пайвандлаш, рақамли дастурий бошқарув дастгоҳлари ва синов лабораторияси фаолият юритади. Шунингдек, йирик металл буюмлар ва мураккаб металл конструкциялар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилади. Маҳсулотлар ANSI/IEEE Америка стандартлари ва минтақавий бозорлар талабларига мувофиқ тайёрланади.
Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан яна бири — маълумотлар марказлари учун энергетика ускуналари, юқори технологияли мис маҳсулотлари, рақамли подстанциялар, совитиш тизимлари учун генератор ва насослар ишлаб чиқаришдир.
Музокараларда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, АҚШнинг Калифорния штатида суғориш каналлари устига қуёш панелларини ўрнатиш тажрибаси тақдим этилди. Ушбу технологияни Тошкент шаҳри ёки вилоятида синовдан ўтказиш таклиф қилинди. Бу орқали қўшимча ер майдони ажратмасдан электр энергияси ишлаб чиқариш ва сувнинг буғланишини камайтириш мумкин.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дастлаб Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига, кейинчалик эса АҚШ бозорига етказиб бериш режалаштирилган. Бунда ишлаб чиқариш ҳажми аниқ буюртмалар асосида шакллантирилади.
Заводнинг биринчи босқичини 2027 йил охирида ишга тушириш мўлжалланган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида мисни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллий корхоналар учун янги буюртмалар яратиш ва импорт энергетика ускуналарига қарамликни камайтириш имконияти пайдо бўлади.