Экология ва иқлим ўзгариши соҳасидаги махсус комиссия пойтахтда атмосфера ҳавоси сифатини доимий мониторинг қилиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, кечки соатларда ҳаво сифати индекси (AQI) асосан «сезгир гуруҳлар учун носоғлом» даражада бўлган. Ярим тундан кейин эса кўрсаткич «носоғлом» тоифага ўтган. Айрим нуқталарда «жуда носоғлом» даража кузатилган.
Миллий ҳаво сифати индекси бўйича PM2.5 заррачалари миқдори «сариқ», PM10 заррачалари эса «зарғалдоқ» даражада баҳоланган.
Мутахассислар ҳаво сифати ёмонлашишини ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ва кучли ҳарорат инверсияси билан изоҳламоқда.
Бундай шароитда атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинуви чекланади. Натижада майда чанг заррачалари ва маҳаллий манбалардан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ерга яқин қатламда тўпланиб қолади.
«Meteosat» сунъий йўлдоши тасвирларида Тошкент ва унинг атрофида сезиларли чанг ўчоқлари кузатилмаган. Бу ҳаво ифлосланиши асосан маҳаллий манбалар ва ноқулай метеорологик шароитлар таъсирида юзага келганини кўрсатади.
«Экологик мониторинг миллий маркази» давлат муассасаси мутахассислари қуйидаги туманларда атмосфера ҳавосини инструментал ўлчовдан ўтказди:
Юнусобод;
Олмазор;
Мирзо Улуғбек;
Шайхонтоҳур;
Миробод;
Янгиҳаёт.
Кузатувларда PM2.5 заррачалари миқдори асосан «носоғлом» тоифага мос келган.
Мутахассислар прогнозига кўра, 30 октябрь куни Тошкентда ҳаво сифати халқаро AQI индекси бўйича «носоғлом», миллий индекс бўйича эса асосан «сариқ» даражада бўлиши кутилмоқда.
Ҳаво ифлосланиши кучайган пайтларда, айниқса, болалар, кексалар ва нафас олиш тизими касалликлари бор инсонларга очиқ ҳавода узоқ вақт бўлмаслик тавсия этилади.