Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика махсус комиссиясига таяниб, хабар берди.

Маълум қилинишича, тун давомида шаҳарда ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «ноқулай» даражада сақланган. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи PM2.5 бўйича «сариқ», PM10 бўйича эса «зарғалдоқ» даражада бўлган.

Ҳаво сифати ёмонлашишига ҳароратнинг пасайиши, шамолнинг жуда кучсизлиги ҳамда маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши сабаб бўлган. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши чекланиб, маҳаллий атмосфера чиқиндилари ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолган.

Шунингдек, тунда Экологик мониторинг миллий маркази мутахассислари Юнусобод, Олмазор, Янгиҳаёт, Сергели ва Яшнобод туманларида атмосфера ҳавоси ҳолатини инструментал ўлчаган. Барча нуқталарда PM2.5 миқдори «жуда ноқулай» тоифага мос келган.

Прогнозларга кўра, 28 октябрь куни кундузги соатларда Тошкентда ҳаво сифати Халқаро AQI бўйича «ноқулай», миллий индекс бўйича асосан «сариқ», айрим вақтларда эса «зарғалдоқ» даражада бўлиши кутилмоқда. Кечқурун ҳам ҳаво сифати «ноқулай» даражада сақланиши мумкин.

Ҳаво ифлосланишидан таъсирланиш эҳтимоли юқори бўлган аҳоли қатлами — болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас йўли касалликларига чалинганларга кечқурун ва тунда имкони борича ташқарига чиқмаслик тавсия этилган.

Ташқарига чиқиш зарур бўлганда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш, очиқ ҳавода узоқ қолмаслик, кечқурун ва тунда эса деразаларни ёпиқ тутиш сўралган.