Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташаббуси билан бекат ҳудуди қисқа муддатли жисмоний машғулотлар учун мўлжалланган воркаут жиҳозлари билан таъминланди. Энди йўловчилар автобус кутиш вақтидан енгил машқлар қилиш, турникда тортилиш ёки жисмоний фаоллик билан шуғулланиш учун фойдаланишлари мумкин.

Таъкидланишича, бундай ёндашув шаҳар инфратузилмаси нафақат ҳаракатланиш, балки аҳоли саломатлиги, қулайлиги ва кундалик турмуш сифатини оширишга ҳам хизмат қилишини кўрсатади.

Бу каби амалиёт дунёнинг қатор шаҳарларида ҳам қўлланилган. Жумладан, Сеул, Пекин, Сингапур, Париж, Богота ва Кали шаҳарларидаги айрим автобус бекатлари турниклар, зинапоялар ва бошқа спорт жиҳозлари билан жиҳозланган кичик фаоллик ҳудудларига айлантирилган.

Қайд этилишича, бундай объектлар аввало аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда, серқатнов автобус йўналишлари мавжуд бекатларда ҳамда хавфсизлик талабларига жавоб берадиган жойларда барпо этилади.

Асосий мезонлар сифатида йўловчилар хавфсизлиги, қулайлик, мустаҳкам конструкциялар, мунтазам техник хизмат кўрсатиш ва жамоат транспорти ҳамда пиёдалар ҳаракатига халақит бермаслик белгиланган.

Шунингдек, пойтахт ҳокимлиги аҳоли таклифларини қабул қилишини маълум қилди. Фуқаролар воркаут-бекатлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлган манзиллар бўйича таклифларини @codd_tashkent_bot Telegram-боти орқали юборишлари мумкин.