Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Натижада республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан ташқи иқтисодий фаолият йўналишида, яъни божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар талаблари асосида амалдаги Божхона кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Жумладан, товар ва транспорт воситларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилиниб, божхона расмийлаштируви муддати уч кундан бир кунга қисқартириляпти.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан товарларни экспорт ва импорт қилиш жараёнидаги мавжуд тартиботлар соддалаштирилади, инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва ўзини яхши томондан кўрсатган компаниялар учун янги Ваколатли иқтисодий оператор институтидан фойдаланган ҳолда, соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқулладилар.
Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ тўлдиришлар киритиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ерни хусусийлаштириш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш тартибини тубдан қайта кўриб чиқишга қаратилган янги нормалар киритилиши назарда тутилган бўлиб, унда инсон омили таъсир қилмайдиган тарзда аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этилиши белгиланган.
Ушбу йўналишда ер участкаларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқувчи Комиссиянинг фаолияти бекор қилинади ва Комиссиянинг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерига алмаштирилади.
Муҳокамалар давомида халқ вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, қонун лойиҳаси маъқулланди.
Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.