Унда Афғонистон транспорт инфратузилмаси ривожлантирилиши, жумладан, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» Трансафғон темир йўл магистралининг қурилиши бўйича Ўзбекистоннинг таклифи бу мамлакатнинг янги ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва ҳаётга татбиқ этилиши мумкинлиги қайд этилган.

«Экспертларнинг фикр билдиришларича, мазкур темир йўл магистрали стратегик жиҳатдан муҳим лойиҳа ҳисоблангани ҳолда Марказий ва Жанубий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларини бир-бири билан боғлайди. Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларига Ҳинд океанидаги Покистон бандаргоҳларига чиқиш имкониятини яратиб, Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада оширади», — деб ёзади «BERNAMA».

Бундан ташқари, агентлик мазкур йўл ҳақидаги дастлабки маълумотларни ҳам келтиради. Қайд этилишича, йўлнинг узунлиги қарийб 600 километрни, лойиҳани амалга ошириш муддати салкам 5 йилни, зарур кредит маблағларининг ҳажми эса 4,8 миллиард долларни ташкил этади.

Ахборот агентлигининг ёзишича, Афғонистон темир йўлларининг узунлиги тақрибан 100 километрни ташкил этгани ҳолда Ўзбекистон, Туркманистон ва Эроннинг чегара ҳудудлари билан туташ. Автомобиль йўллари тармоғи ҳам янада кенгайтирилишини ҳамда салмоқли ҳажмдаги сармоялар жалб этилишини тақозо этади, деб хабар беради «Дунё» АА.