Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 6 июль куни архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Бу топшириқлар ижроси моҳиятан соҳавий олий таълим муассасаларида бериладиган таълим сифати ва мазмунини оширишда катта аҳамиятга эга. Жумладан, ўз вақтида белгиланган чора-тадбирларга кўра, Тошкент архитектура-қурилиш институти фаолияти трансформация қилинади, яъни университет мақомига кўтарилади.

Унга академик ва молиявий мустақиллик берилади. Олий таълим муассасаси муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишларига ихтисослашади. Мамлакат иқтисодиёти тармоқлари, айниқса, архитектура-қурилиш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизими илғор хорижий тажриба, халқаро стандартлар асосида трансформация қилинади.

Таълим жараёнига инновацион ўқитишнинг шакл ва методлари, замонавий педагогик ва ахборот технологиялари кенг жорий этилади, илмий салоҳият янада мустаҳкамланади. Трансформация қилиш орқали ўқув муассасасининг олий коллегиал бошқарув органи сифатида кузатув кенгаши, маъмурий масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга коллегиал ижро органи — бошқарув кенгаши, устувор муаммоли масалаларни ўрганиш, уларнинг самарали ечимини ишлаб чиқиш, ўқув ва илмий жараённи тартибга солувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга коллегиал органи — университет кенгаши ташкил этилади.

Шунингдек, касбга тайёрлаш жараёни илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида жаҳонда тан олинган халқаро таълим стандартлари билан уйғунлаштирилади. Муҳандислик, архитектура, қурилиш ва қурилиш материаллари технологиялари, рақамли қурилиш йўналишлари бўйича эҳтиёждан келиб чиқиб, меҳнат бозоридаги рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади.

Соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш ва уларнинг трансфери бўйича самарали тизим шакллантирилади. Хорижий олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш ҳамда уларнинг битирувчиларига олий маълумот тўғрисида икки томонлама диплом бериш бўйича йўллар очилади. Шу билан бирга, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологиялари, илм-фан ва техниканинг янги ютуқлари жорий этилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳимизда таълим жараёни босқичма-босқич давлат тили ва бошқа хорижий тилларда, кредит-модуль тизими асосида олиб борилади. Шунингдек, муассасамиз фаолиятида “Рақамли университет” тизими босқичма-босқич жорий этилади. Ўқитиш жараёни “фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграцияси” тамойили асосида ташкил этилиб, талабалар муҳандислик, лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасаларига бириктирилади.

Олий ўқув юртининг асосий фаолиятидан ташқари уй-жой ҳамда саноат қурилиши бўйича объектлар ва комплексларни лойиҳалаш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, объектларнинг муҳандислик тармоқлари ҳамда тизимларини лойиҳалаштириш, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, тижорийлаштириш билан хўжалик асосида шуғулланишига доир масалалар ҳам кўриб чиқилади.

Ўқув даргоҳига молиявий мустақиллик нима беради, деган саволга жавобан айтиш керакки, биринчи навбатда, ўзини ўзи бошқаришни таъминлаш бўйича жисмоний ва юридик шахслардан, жумладан, хориждан ўқув, илмий адабиётлар, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар, ахборот технологиялари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини харид қилиш имкониятини очади. Шунингдек, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини, олий таълимдан кейинги таълим бўйича докторантура ихтисосликларини очиш йўллари кенгаяди.

Нуфузли халқаро университетлар билан ҳамкорликда илмий даража олиш учун докторантура таълим дастурлари ташкил этилади. Илғор хорижий тажрибага асосланган, технологик ва инновацион ғояларга йўналтирилган стартап лойиҳалар ривожлантирилади. Иқтидорли талабаларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малака ошириши учун шарт-шароит яратилади.

Талабалар етакчи лойиҳа-қидирув институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилади. Қурилиш соҳасида минтақавий ва халқаро эътиборга сазовор бўладиган юқори самарали қурилиш материаллари, ёнғин, сув ва акустика изоляцияси, зарб тест, структуравий таҳлил мониторинги, қурилиш материаллари синов лабораториялари мажмуаси (кластери) ташкил этилади. Ўқув муассасамизга академик ва молиявий мустақиллик берилиши қисқа муддатда Осиё ва дунёнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари рейтингидан жой олишимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.