Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан трансплантология соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар, соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан, хирургия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ушбу хизмат кўлами кенгайиб, бугунги кунда мамлакатимизда йилига 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бу йўналишдаги асосий муассасадир. Ҳудудларда эса унинг филиаллари фаолият юритмоқда.
Трансплантология соҳасини янада ривожлантиришда бу йўналишда ҳуқуқий асосларни такомилаштириш муҳим ҳамиятга эга. Шу мақсадда аъзолар ва тўқималар трансплантацияси билан боғлиқ бўлган муаммоларни таҳлил қилган ҳолда “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди. Ҳозирги кунда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган бўлиб, иккинчи ўқишга тайёрланяпти. Қонун лойиҳасида трансплантация объектлари, ССВлигининг ваколатлари ва инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасалари белгиланмоқда. Қолаверса, тирик донорлар тушунчасида барча шахсларнинг донор бўлиши мумкинлиги, яъни яқин қариндошлар билан чегараламаслик таклиф этилмоқда.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда трансплантацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, трансплантология хизматини ривожлантириш юзасидан Республика хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини трансплантологияга йўналтириб, иммуногенетик лаборатория ва симуляцион марказ ташкил этиш, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантациясини йўлга қўйиш режалаштирилган. Пировард мақсад – бундай хизматга муҳтож беморлар учун қулай имкониятлар яратишдир. Тадбир доирасида иштирокчилар Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказидаги беморлар холидан ҳам хабар олди.
Тошкентлик 29 ёшли Д.Умаров кўп йиллардан буён буйрак етишмовчилиги билан оғриб келар эди. Бугун унга опаси Р.Жўласова бир буйрагини берди. Ҳозир ҳар икковининг ҳам аҳволи яхши ва улар тиббий стандартлар асосида шифокорлар назоратида.
– Инсон саломатлиги – энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб бўлмайди. Йўқотилган соғлиқни қайтариш ва топишнинг имкони йўқ, – дейди Д.Умаров. – Мен ҳам кўп йиллардан буён ўткир буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келдим. Қарийб икки йил гемодиализ олдим. Чунки яқин-яқингача бундай операцияларни чет эл клиникаларидагина амалга ошириш мумкин эди. Хориждаги бундай амалиёт катта маблағ талаб қилгани боис, бунга ҳамманиям қурби етмасди. Мана дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар ўзимизда амалга оширилмоқда. Яқинда операция бўлдим, опам бир буйрагини берди. Ҳозир аҳволим анча яхши,
...Қашқадарёлик Ж.Жўрақулов энди 15 ёшни қаршилади. Лекин унда ҳам буйрак етишмовчилиги кузатилган. Шу сабабли яқинда у ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Онаси донорлигида унга буйрак кўчириб ўтказилди. Айни пайтда беморнинг умумий аҳволи анча яхши, шифокорлардан миннатдор,.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли юз бермоқда. Зотан, тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.