Транспорт вазирлиги ходимлари томонидан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда автомобиль ташувлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш мақсадида янги тартибда ишлашга ўтилмоқда.
Дастлабки босқичда автомобиль ташувлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш электрон тизим ўрнатилган планшетлар орқали Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти транспорт бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Планшетлардан фойдаланган ҳолда маъмурий баённомаларни расмийлаштириш жараёнини амалиётда қўллашни ташкил этиш мақсадида ИИВ Ҳуқуқий статистика ва тезкор - ҳисоб маълумотлар маркази бўлим бошлиғи ва масъул ходимлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маъмурий баённомаларни планшетлар ёрдамида расмийлаштириш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти транспорт бошқармалари инспекторларига бириктирилган планшетлар тақдим этилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.