Музокаралар давомида ёш мутахассисларни тайёрлаш, биргаликдаги тадқиқотларни, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Цюрих университети базасида кардиология, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, электрофизиология каби йўналишлар бўйича қисқа ва узоқ муддатли стажировкаларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари белгиланди.
Музокаралар давомида иккала клиника ўртасида Ўзбекистон Республикаси аҳолисига юқори технологияли тиббий ёрдамининг сифати ва турларини кўпайтиришда, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирлар ташкил этишда лекциялар, мастер-класслар олиб боришда Цюрих университети госпитали ёрдами назарда тутилган стратегик ҳамкорлик бўйича битим имзоланди.
Ундан ташқари, телетиббиёт соҳасида иккала марказнинг ўзаро биргаликдаги ҳаракатини ташкил этиш, юқори аортал калапани транскатетер имплантацияси (TAVI), стент-графтлар имплантацияси ва бошқалар каби юқори технологик муолажаларни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шуни таъкидлаш жоизки, Цюрих университети госпитали нафақат Республика кардиология марказини, шунингдек унинг барча филиаллари ҳудудлардаги бўлинмаларини ҳам қўллаб-қувватлайди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.