Нарпай тумани Оқолтин МФЙда ҳудудидан ўтувчи «Тошкент- Нукус» М-37 автомобиль йўлининг 96 километрида «Tacuma» русумли автомашинаси «Тошкент- Нукус» йўналиши бўйича ҳаракатланиб бориб, йўлни ажратиб турувчи ўртадаги бетон тўсиққа урилиши натижасида йўл транспорт ҳодисаси содир этилган.
Натижада, «Tacuma» автомашинасининг 42 ёшли ҳайдовчи ва 26 ёшли йўловчиси воқеа жойида, бошқа бир 37 ёшли йўловчи эса олган тан жароҳатлари оқибатида туман тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Шунингдек, автомашинада бўлган яна 41 ёшли йўловчи ва унинг укаси турли хилдаги тан жароҳатлари олиб туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши шу куннинг ўзида вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.