Савол: Тураржойларни баҳолаш тартиби қандай? Ушбу тураржойлар бузилганда тўловлар шу баҳо асосида тўлаб бериладими?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 декабрдаги «Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг, тураржой фондининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 1043-сонли қарори асосида у инвентарь баҳо солиқ солиш мақсадида баҳоланади.

Уй-жойлар бузилганда эркин баҳолаш марказлари орқали баҳоланади.

Савол: Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов ундирилмоқда. Бу қонунга зид эмасми?

Жавоб: Йўқ бу қонунга зид эмас. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 623-сонли қарорига мувофиқ тўлов амалга оширилади.

Савол: Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қоидалари бўйича маълумот берсангиз.

Жавоб: Туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан ажратилган ер ажратиш тўғрисидаги қарор, қурилиши тугалланган уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари, мулк ҳуқуқни тасдиқловчи туман, шаҳар ҳокимининг қарори, олди-сотди, ҳадя, айрибошлаш, мерос ва бошқа ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Савол: Уй отамнинг номида шу уйни қандай қилиб ўзимнинг номимга ўтказсам бўлади?

Жавоб: Отангиз номига ушбу уй-жой белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган бўлса, ундан сўнг давлат нотариал идораси томонидан имзоланган (олди-сотди, ҳадя, мерос ва айрибошлаш) тариқасида давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштириб олишингиз мумкин.