Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўткир Саидов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлиб, ҳудудлардаги туризм объектлари, кўнгилочар масканлар ҳамда ҳудудий бошқармаларда давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, давлат тилида иш юритиш ҳолати билан яқиндан танишди.

– Мамлакатимизда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Ватанимиз суверенитети ва мустақиллиги йўлида ташланган дадил қадамдир, – деди Ў.Саидов. – Ўттиз икки йилдан буён мазкур қонун халқимизни эзгу ислоҳотлар йўлида бирлаштириб, тинч, обод ва тўкин ҳаёт қуришдек улуғвор ишларга ундайдиган беқиёс куч сифатида намоён бўлмоқда. Она тилимиз халқаро минбарларда баралла янграб, унинг дунёдаги ўрни ва нуфузи ошмоқда. Сўнгги йилларда «Ўзбек тили байрами куни» кенг нишонланаётгани ҳам юртимизда давлат тилига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидан далолатдир.

Масъуллар томонидан ўрганиш натижалари ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар тайёрланиб, зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилди.

Ҳудудларда туризм объектлари ва кўнгилочар масканларга ном берилиши ҳамда пештахта ёзувларининг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганиш ишлари давом этмоқда.