“Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” тизими туристлар учун санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг халқаро стандартларига асосланган янги тизимдир.
“Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” тизими бўйича туризм объектларини сертификатлаштиришни «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази» ДУК амалга оширади.
Хавфсиз туристик хизматлар кўрсатиш бўйича сертификатлаштириш икки босқичдан иборат бўлиб, биринчидан ташкилотнинг ўрта ёки юқори бўғинидаги бошқарув ходимлари хавфсиз хизматлар кўрсатиш бўйича ўқув курсида ўқиши ва тестдан ўтиши керак, сўнг Oʻz DSt 37.001 «Туристик индустрия объектларида хавфсиз туристик хизматлар кўрсатишга доир тавсиялар» давлат стандартига мувофиқ сертификатлаштиришга ариза бериши лозим бўлади.
Таълим олиш ва сертификатлаштиришдан ўтиш онлайн тарзда амалга оширилади.
Сертификатлаштиришнинг ижобий натижаларига кўра объектларга сертификат ва “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” махсус танитиш белгиси берилади. Кейин объект safetravel.uz сайтида Хавфсиз объектлар реестрига киритилади.
Сертификатлаштириш учун тўлов 2 базавий ҳисоблаш миқдорини қийматида. Сертификатни амал қилиш муддати рўйхатга олинган кундан бошлаб 12 ойни ташкил этади. Ихтиёрий сертификатлаштиришдан тушган пул маблағлари Хавфсиз туризм жамғармасига йўналтирилади. Ўқув машғулотлари учун тўлов ундирилмайди.
Хавфсиз объектлар реестрига киритилишини истовчи туристик индустрия объектлари safetravel.uz сайтида “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган») тизими бўйича сертификатлаштиришдан ўтиш учун ариза беришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли Президент Қарорига мувофиқ хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи объектларда “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” тизими мажбурий тартибда жорий этилиши белгиланган бўлиб, ушбу тизим бўйича сертификатлаштиришдан ўтмаган туризм объектлари ташкилотларининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган.