Дунёда энг тез ривожланаётган ва мамлакатлар иқтисодиётига мўмай даромад келтираётган соҳалардан бири, шубҳасиз, туризмдир. Ўзбекистонда ҳам туризм янги босқичда ривожланмоқда. Хусусан, хорижлик сайёҳларни юртимизга жалб қилиш, ички туризмни оммалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу йўлда навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлди. Фармонда ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш ҳамда республика ҳудудларини, шунингдек, мамлакатимизни хорижий давлатлар билан ўзаро боғловчи транспорт логистикасини такомиллаштиришга алоҳида урғу берилган. Унга биноан, ички туризмда бир қатор янгиликлар жорий этилади. Мақсад аҳолининг юртимиз бўйлаб саёҳат қилишини оммалаштириш, қулай шарт-шароит яратиш ҳамда рағбатлантириш тизимини йўлга қўйишдир.
Коронавирус пандемияси туризм соҳасига жуда катта салбий таъсир кўрсатди. Давлатимиз раҳбари 2020 йилда берилган имтиёзларни 2021 йил учун ҳам татбиқ этиш бўйича топшириқ берди. Фармонда бу ўз аксини топди: имтиёз ва преференциялар муддатлари 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Бунда туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоиз камайтирилади. Камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича сарфланган харажатларининг 30 фоизи қайтариб берилади.
Таъкидлаш керакки, туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади. Улар ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди. Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар 3 кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади.
Шунингдек, аҳоли учун қулайлик яратиш назарда тутилган бўлиб, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи 5 иш кунидан кам бўлмаган «оилавий саёҳат таътили» тизими жорий қилинади. Бунда «оилавий саёҳат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади. Бу жараёнда жамоалар орасидан 1 000 нафар саёҳат етакчиси аниқлаб олиниб, йил охирида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан шакллантирилган туристик маҳсулот билан рағбатлантирилади. Масалан, меҳмонхоналарда 2 кун бепул дам олиши, соғломлаштириш марказларида текин муолажа олиши мумкин бўлади. Эндиликда сайёҳлар учун «турист паспорти» жорий қилинади. Мазкур ҳужжат фуқаролик паспортига ўхшаш
бўлиб, саҳифаларида паспорт эгасининг Ўзбекистоннинг қайси моддий маданий мерос объектлари, театр ва музейлар, зиёратгоҳлар ёки туризм йўналишлари бўйича объектларга саёҳат қилгани ҳақидаги маълумотлар берилади. Режамизга кўра, жорий йилнинг май-июнь ойларига қадар объектлар рўйхати тузилиб, тасдиқланади ҳамда штамп (муҳр) тайёрланади. Ҳар бир саёҳат учун «турист паспорти»га муҳр урилади. Саёҳатлар сони қанча кўп бўлса, сайёҳ шунча миқдордаги бонусга эга бўлиб боради. Бу эса муайян объектга қилинган илк саёҳатда қўлга
киритилган бонус келаси сафар бу ерга киришда енгиллик яратишига сабаб бўлади. «Турист паспорти»га эга бўлишнинг яна бир қулай жиҳати — унда объектлар рўйхати берилган бўлади, сайёҳ шунга биноан ўз йўналишини ишлаб чиқиши мумкин. Фаол сайёҳлар ҳам Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан рағбатлантирилади. Фармонда зиёрат туризми ва транспорт логистикаси бўйича ҳам қатор кўрсатмалар берилганки, буларнинг барчаси мамлакатимиз туризм салоҳияти янада ошишига хизмат қилади.
Азизбек ФАЁЗОВ,
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи