Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг туризм йўналишига ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўртасида “Туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги касбий таълим” халқаро онлайн-ярмаркаси доирасида ўтказилган 4 та учрашув натижасида, кадрлар тайёрлаш, туризм ва маркетинг соҳасида ҳамкорликдаги илмий изланишлар олиб боришга келишиб олинди.

Учрашувлар Туризмни ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Учрашувлар натижасида томонлар бир нечта йўналишлардаги ҳамкорлик шаклларини ишлаб чиқишга келишиб олдилар. Жумладан, қўшма диплом дастурни ишлаб чиқиш, биргаликдаги тадқиқот олиб бориш, ўқитувчилар ва талабалар учун амалиётлар ташкил этиш кўзда тутилмоқда.