Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан давлат олий таълим муассасаларида туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими уч йиллик олий таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади ва ўқув жараёни "блок-модуль" тизимига асосланган дуал таълим шаклида ташкил этилади.

Бунда, ўқув жараёнларининг назарий ва амалий машғулотлар улушини:

1 босқичда – 80 фоиз назарий ва 20 фоиз амалий;

2️ босқичда – 50 фоиз назарий ва 50 фоиз амалий;

3️ босқичда – 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий бўлиши назарда тутилади.

2024 йил 1 августдан туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган амалиёт базаларини (туроператор, турагент, гид-таржимон, меҳмонхона ва туризм транспорти хизматларини кўрсатиш объектлари) белгиланган тартибда ташкил этишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2027 йил 1 январгача туризм соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг амалиёт базаларида кўрсатилган хизматлар учун фойда солиғи ушбу солиқ бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўланади.