Ушбу Меморандум халқаро алоқаларни ўрнатиш, ахборот, академик ва илмий адабиётлар алмашинуви, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш мақсадида тузилган.
Бундан ташқари, семинарлар ўтказиш, илмий мақолалар чоп этиш, кадрлар соҳасида тажриба алмашиш, ёш олимларнинг қисқа муддатли амалиётларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Италиянинг Луижи Ванвителли университети билан ҳамкорлик доирасида ўрта махсус таълим муассасалари ўқув дастурлари, таълим стандартлари ва туризм соҳасидаги мутахассисларнинг малака талабларини ўрганиш режалаштирилган.
Меморандум доирасида яқин келажакда рақамли туризм соҳасида қўшма лойиҳалар, жумладан, «ERASMUS+» лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
Туризмни ривожлантириш институти ва Жан Монне факультети ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш ва имзолаш жараёни Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги фахрий элчиси, жаноб Витторио Жиорги кўмагида амалга оширилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун: Луижи Ванвителли Италиядаги етакчи университетлардан бири бўлиб, Казерта ва Неаполь шаҳарларида жойлашган. 1991 йил охирида ташкил этилган ушбу олий таълим муассасаси аввал «Federiko II» университети таркибига кирган. Университет Казерта ва Неаполь шаҳарларининг 5та турли ҳудудларида жойлашган 8 та факультетдан иборат. Жан Монне факультетида «Туризм» йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади. Ҳозирда университетда 30 минг талаба таҳсил олади.