Саёҳат Туризм ва Маданий мерос вазирлиги томонидан ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий сайёҳлар ва туризм субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Лойиҳа давомида Нақшбандия тариқатининг «Олтин Силсила» ҳалқасидан жой олган ислом уламолари зиёратгоҳлари, уларнинг илмий мероси, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси тўғрисидаги тарғибот материаллари тайёрланди.
Ушбу тарғибот материаллари Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги Хўжа Алоуддин Аттор, Олтинсой туманидаги Хўжа Муҳаммад Зоҳид, Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий, Шеробод туманидаги Абу Исо ат-Термизий зиёратгоҳлари, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Хўжа Муҳаммад Дарвеш, Хўжа Муҳаммад Имканагий зиёратгоҳлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой мажмуаси, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр, Шоҳи Зинда, Регистон мажмуалари ва Имом ал-Бухорий, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор, Имом ал-Мотурудий зиёратгоҳлари, Бухоро вилоятидаги 7 Пир зиёратгоҳлари, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси ва Тошкент вилоятидаги Занги Ота зиёратгоҳларидан туриб тасвирга олинди.
Лойиҳа доирасида Сердар Тунжер ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида юзлаб турклар Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирган видеоларни ҳам жойлаштирди.
«Дунёнинг турли пляжларида дам олишингиз мумкин, лекин қалбингизни дам олиши учун Бухорога келишингиз керак», — деб ёзди Сердар Тунжер.
Шунингдек, ушбу видео материалларни тайёрлаш жараёнида тарғибот гуруҳи томонидан ҳудудлардаги маҳаллий уламолар ҳам жалб этилди. Бундан ташқари, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойлар тўғрисида қизиқарли маълумотларни ўз ичига олган, сайёҳларни жалб этувчи видеоматериаллар тайёрланди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.