1-5 ноябрь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида “Қўрқут ота” туркий халқлар кинофестивали бўлиб ўтди. Унинг доирасида туркий тилда сўзлашувчи 17 давлатдан ташриф буюрган киноижодкорлар саммити ташкил этилди. Тадбирда ўзаро ҳамкорлик, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди ҳамда киноижодкорлар ҳамкорлик лойиҳалари питчингини тақдим этди. Хўжа Насриддин ҳақида ўзбек кинематографлари томонидан яратилган  16 қисмдан иборат анимацион фильм лойиҳаси саммитда биринчи бўлиб намойиш қилинди.

— Ўзбекистонда кинематография соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз ташаббуси таҳсинга сазовор. Узоқ йиллар мобайнида фаолияти тўхтаб қолган Тошкент халқаро кинофестивали қайта ташкил этилиши ва мамлакатда кино суратга олишда янгича ёндашув қўлланилаётгани қувонарли ҳол. Ўзбек киноижодкорлари ва ўзбек фильмлари бу фестивалга ўзгача шукуҳ бағишлади, — деди лойиҳа продюсери, режиссёр Темур Бекмамбетов.

“Қўрқут ота” кинофестивали доирасида 4 ноябрь куни Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилди. Тадбирда ўзбек киноижодкорлари билан учрашув, давра суҳбати ва ўзбек фильмлари намойиши ташкил этилди.

Фестивалга юздан ортиқ киноижодкор ташриф буюрди. 57 та фильм ғолиблик учун рақобатлашди. Ўзбек киноижодкорларининг иккита картинаси ҳам юртимизга совринсиз қайтмади. Хусусан, Фурқат Усмоновнинг “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильми “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида бош соврин билан мукофотланди. Мазкур кинокартина Ўзбекистон Миллий кинематография агентлиги ҳамда “Spectre” студияси томонидан суратга олинган.

— “Инсон” ҳужжатли фильми Ўзбекистоннинг янгиланаётган кино саноати ўлароқ халқаро даражада юксак эътирофга сазовор бўлгани билан ижодий жамоамизни табриклайман. Бугунги Ўзбекистонда инсон сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг марказида турибди. Фильмимиз қаҳрамонлари ҳам орамиздаги инсонлар, — дейди фильм муаллифи ва режиссёри Фурқат Усмонов.

Кинематография агентлиги буюртмасига асосан “Dilshoh media” кино студиясида режиссёр Дилмурод  Масаидов томонидан суратга олинган ва адашиб Сурияга кетган ватандошларимизни юртимизга қайтариш бўйича махсус операция ҳақида ҳикоя  қилувчи “Аёл қисмати” бадиий фильми эса “Энг яхши бадиий фильм” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.

— Бурсада бўлиб ўтган кино фестивалида ўзбек киноижодкорлари эришган муваффақият бугун мамлакатимизда кино санъати ва саноатига кўрсатилаётган эътибор ва имкониятлар самарасидир, — деди Дилмурод Масаидов. — Фестивалда картиналаримиз олий мукофотларга лойиқ кўрилгани, катта кино дунёсига кириб келаётган ёшларимизнинг қисқа метражли фильмлари ҳам алоҳида эътирофга сазовор бўлгани Янги  Ўзбекистон ёшларининг дунё киносига айтадиган ўз сўзи борлигини яна бир бор исботлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева туркий халқлар кинематографияси соҳасидаги хизматлари учун тақдирланди. Актриса Юлдуз Ражабова “Туркий халқлар бирдамлиги ҳамда ҳамдўстлигига қўшган ҳиссаси учун” ТУРКСОЙ халқаро мукофотига муносиб кўрилди.

“Энг креатив қисқа метражли фильм суратга олгани учун” Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиали талабалари Акмал Обиджонов ва Саидаълохон Маъсудхонов фестивалнинг эсдалик кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

— Охирги йилларда кино санъатимиз яхшигина ўсишга эришди. Юртимизда кино соҳасига қаратилаётган эътибор маҳсули сифатида фильмларимиз халқаро кинофестивалларда ғолиб бўлмоқда. Бундай ютуқлар ҳали давомий бўлади. Кинематография агентлиги томонидан кўпдан-кўп сифатли ва томошабоп, шу билан бирга, жаҳон даражасидаги фильмлар ишлаб чиқаришда давом этамиз. Мақсадимиз томошабинларимиз, халқимиз учун муносиб фильмлар суратга олишдир, — деди Ўзбекистон Миллий кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Фестиваль доирасида кино санъати ва саноатини ривожлантириш борасида фойдали битимлар имзоланди. Бахчашеҳир университети ҳамда Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиали ўртасида тузилган келишувга биноан, 2023-2024 йилги ўқув дастурига Netflix Series Script платформаси киритиладиган бўлди.

“Қўрқут ота” 3-халқаро кинофестивали эстафетаси эса Озарбайжонга топширилди. 2023 йил Шуша шаҳрида ушбу фестиваль яна туркий давлат кино ижодкорларига ўз эшикларини очади.

Шоҳира Рауфбоева,

журналист