Мазкур саммитда қардош мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, энергетика, туризм, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қаратилган қатор масалалар муҳокама қилинади.

Шу ўринда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари борасида алоҳида қайд этиш жоиз. Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнларида транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.  Таъкидлаш керакки, логистика самарадорлиги иқтисодий ўсишида ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун ҳар қандай давлатнинг сиёсати логистикани иқтисодиётнинг асосий тармоғи сифатида ривожлантиришга қаратилган.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш аъзо давлатларга товар ва маҳсулотларни сотиш учун янги бозорга чиқиш, импорт ва экспорт осонлаштириш ҳамда маҳсулотлар таннархини камайтириш, товарларни етказиб бериш тезлигини оширишга ва бошқа харажатларни оптималлаштиришга хизмат қилади.

Ташкилот транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратади. Бу йўналиш яқинда қабул қилинган “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин эгаллайди. Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев фикрича ушбу соҳада  саъй-ҳаракатлар замирида мамлакатлар транспорт алоқасини таъминлаш ётади. Шу нуқтайи назардан, Транскаспий халқаро ўрта йўлагини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа, хавфсиз ва рақобатбардош транспорт боғламасига айлантириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Яқин истиқболда асосий эътибор ташкилотга аъзо давлатларда транспорт ва транзит тартиб-қоидаларини, жумладан, замонавий рақамли воситалардан фойдаланиш орқали енгиллаштиришга қаратилади. Сўнгии йилларда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси билан биргаликда мамлакатларимизда “eCMR” воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур соҳадаги яна бир вазифалардан бири транспорт ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш. Хусусан, ташкилот доирасида Каспий денгизи орқали транспорт операцияларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қўшма ташувлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасидир.

Туркий давлатлар ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида халқаро автомобил ташувлари тўғрисида шартнома тузиш бўйича музокаралар жараёнларига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда логистика соҳасини ривожлантиришга қаратилган 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан автомобил йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019-йил 1 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 12-апрелдаги 305-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 27 декабрдаги “Товар-хом ашё биржаларида фючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ЎзРТХБ билан биргаликда маҳсулотларни етказиб бериш жараёнида тўлиқ рақамлашган шаффоф навбат тизимини назарда тутувчи юк ташувчилар ўртасида рақобатни таъминлайдиган электрон логистика савдо портали яратилди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили Истанбулда бўлиб ўтган саммитида ташкилот доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ ташаббуслар илгари сурилган бўлиб, бугунги кунда келиб 20 дан ортиғи амалга оширилди. Хусусан, транспорт ва божхона сохасида рақамлаштирилди, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида “e-Permit” пилот лойиҳасининг синовдан ўтказилди ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида “Рақамли TIR” ва “Яшил йўлак” пилот лойиҳаси ишга туширилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Universal Logistics Services” (Тошкент), “Akhtachi” (Андижон) ва “Termez Cargo Center” (Сурхондарё) логистика марказлари ташкилот аъзоларининг “қардош портлари” жараёнига қўшилди.

Туркий давлатлар ташкилоти давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш туркий давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Тармоқланган ва яхлит транспорт тизими туфайли Туркий давлатлар ташкилоти Евроосиё қитъасидаги асосий транспорт ва логистика коридорига айланиши мумкин. Бундай шароитда аъзо мамлакатларнинг трансминтақавий транспорт коридорларини ривожлантириши алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Марказий Осиёни Афғонистон орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ билан энг қисқа йўл орқали боғлайдиган ва ушбу минтақалар давлатларига МДҲ ва Европага чиқиш имкониятини  берувчи трансминтақавий лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини ўтган саммитда таъкидлаган эди.

Умумий хулоса қиладиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашда аъзо давлатларнинг барчаси манфаатдор ҳисобланади. Хусусан, мазкур соҳани ташкилот доирасида ривожлантириш орқали миллий иқтисодиётнинг истиқболдаги “драйвер” йўналишига айлантириш мумкин.

 Бобиржон ИЗЗАТУЛЛАЕВ,

 Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бош мутахассиси