Миссия таркибига Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистондан экспертлар киради Улар Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб боради.

Учрашувда томонлар туркий тилли давлатлар ўртасидаги ижтимоий-сиёсий йўналишлар, савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илмий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик доирасидаги муносабатлар тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Делегация аъзолари Ўзбекистоннинг халқаро стандартлар жорий этилган миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳоладилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Реджеп Шекер, Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси делегацияси аъзоси, Туркия Буюк миллат мажлиси депутати:

— Ҳар бир турк учун Ўзбекистон ўз Ватанидек азиз. Шубҳасиз, биз Ўзбекистонда ўтказилаётган сайловни кузатишдан жуда мамнунмиз. Миссиямиз доирасида округ ва участка сайлов комиссияларига ташриф буюрамиз, сайлов жараёнини кузатиб борамиз, сайлов қонунчилигининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказамиз, сайловнинг очиқлиги ва ошкоралиги тамойилларига қандай риоя этилаётганини кузатамиз. Умид қиламизки, 24 октябрда бўлиб ўтадиган ушбу муҳим воқеа мамлакат тараққиёти ва халқ манфаатларига хизмат қилади.

Жамиля Нурманбетова, Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси делегацияси аъзоси, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

– Мамлакатингиз барча соҳаларда ривожланяпти, ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг демократлашуви давом этяпти. Сайловга тайёргарликнинг юқори даражада ташкил этилганини қайд этмоқчиман. Беш партиядан номзодлар кўрсатилган. Ҳар бир номзоднинг дастури мамлакатни жадал ривожлантиришга, халқ ҳаётини яхшилашга қаратилган.