Тошкентдаги Туркия Иқтисодиёт ва Технология Университети филиали (TOBB ETÜ)нинг фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир бошида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиали ректори А.Икрамов Ўзбекистон ёшларига илғор таълим технологиялари асосида халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, замонавий билимларга эга юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш имкони яратилаётгани ҳақида таъкидлади. TOBB ETÜ Tashkent Университети талабалари томонидан мавзуга доир бир қатор намойишлар тақдим этилди.

Тадбир давомида Туркиянинг Иқтисодиёт ва Технологиялар Университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида кадрларни тайёрлаш, олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Тошкент шаҳрида Туркия Иқтисодиёт ва Технология Университети филиалида дуал таълим электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда инглиз тилида амалга оширилиши бўйича давра суҳбати олиб борилди. Абитуриент ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасадди раҳбарлардан жавоблар олди.

Маълумот учун, Туркия Иқтисодиёт ва Технология Университети 2002 йилда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси томонидан ташкил этилган. Университет фаолиятининг ўзига хослиги ўқув режаларининг ДУАЛ таълимга асосланган уч семесртлик ўқув жараёни ҳисобланиб, таълим олувчиларда назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмалар шаклланиши мувозанатлаштирилган. Университетнинг ушбу хусусияти унинг Туркия таълим тизимида алохида ўрин тутишини таъминлаган.

“Ёш университетлар: мингйиллик университетлари” рейтингида университет 32 ўринни эгаллаган.