Зилзила эпицентри шаҳардан 27 километр узоқликда, ўчоғи эса 10 километр чуқурликда жойлашган.

Шундан сўнг яна 6,7 ​​магнитудали зилзила содир бўлди. У Газиантеп шаҳридан 58 километр узоқликда қайд этилган.

Туркиянинг етти вилоятида содир бўлган 7,4 магнитудали зилзила оқибатида 76 киши ҳалок бўлди, 440 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда ANADOLU.

Ярим соат давомида ер силкинишлари Туркиянинг турли ҳудудларида – Адана, Анқара, Анталия, Кайсери, Мерсин, Трабзон, Урфада сезилди. Ҳозирда жабрланганлар ҳақида маълумот олинмаган.

Шанлиурфа вилоятида эса 16 уй вайрон бўлган. Маҳаллий ҳокимият маҳаллий аҳолини хавфсиз жойларга кўчишга чақирмоқда.

Туркиянинг Диёрбакир вилоятида саккиз қаватли бино қулаб тушди. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Қутқарувчиларга яқин атрофдаги уйлар аҳолиси ёрдам бермоқда.

Вайронагарчилик Сурия билан чегарадаги Хатай вилоятида қайд этилган. Ер силкиниши натижасида камида битта бино бутунлай вайрон бўлган.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон мамлакат жануби-шарқидаги зилзила билан боғлиқ вазиятдан хабардор, дея хабар қилди ҳукуматдаги манба. Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу мамлакатнинг бир нечта минтақаларида бир вақтнинг ўзида содир бўлган кучли зилзилалар туфайли энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинганини маълум қилди.

Яқин Шарқ оммавий ахборот воситалари зилзила Ироқ, Ливан ва Суриянинг айрим ҳудудларида ҳам сезилганини хабар қилди. Ер силкинишлари бир неча бор такрорланган. Зилзила натижасида Латакия чеккасида бино қулаб тушди, яна бир нечтаси кўзга кўринарли даражада зарар кўрди.

Шаҳар ва унга яқин жойлашган айрим аҳоли пунктлари аҳолиси вайроналар остида қолишдан қўрқиб, кўчаларга чиқди. Шунингдек, Ҳалабнинг Фардус, Салоҳеддин ва Бустон ал-Қаср каби баъзи ҳудудларида кўп сонли бинолар қулаб тушди. Хамадаги Ал-Арбаин кварталидаги бир нечта бинолар қисман қулаб тушди. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар бор, улар вайроналар остидан жабрланганларни олиб чиқишади, дейилади uzdaily.uz сайтида.