The Sun нашри хабарига кўра, қутқарувчилар “Хатайспор” клубида тўп сураётган футболчининг овозини эшитиб, уни топишган.

“31 ёшли ганалик футболчи душанба куни эрталаб Туркияда икки марта зилзила содир бўлганида турар-жой биносининг тўққизинчи қаватида бўлган, — деб ёзади нашр. — Қутқарувчилар “Челси”нинг собиқ ҳужумчиси Кристиан Атсунинг овозини эшитиб, уни вайроналар остидан тирик ҳолда топишди”.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, нафақат футболчи, балки “Хатайспор” клуби менежерларидан бири ҳам топилган.

 “Кристиан Атсу жароҳатланган ҳолатда топилди”, — деди “Хатайспор” матбуот котиби Мустафо Озат. — Спорт директоримиз Танер Савут, афсуски, ҳануз вайроналар остида”.

Қутқарувчилар клубнинг бошқа футболчилари — Онур Эргун ва Бурак Оксузни тирик топишга муваффақ бўлди, Керим Аличи эса вайроналар остидан ўзи чиқиб кетди.

Атсу Туркия чемпионати доирасидаги “Касимпаши”га қарши ўйинда ғалаба тўпини киритган ва “Челси”дан ташқари “Ньюкасл”, “Борнмут”, “Эвертон” ва бошқа кўплаб клубларда тўп сурган, дейилади tengrinews.kz сайтида.