Ижтимоий тармоқларда ва электрон оммавий ахборот воситаларида Туркиянинг Живрил шаҳрида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг мажбуран ушлаб турилгани тўғрисида хабарлар тарқалиши муносабати билан мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги Элчихонаси Туркия Республикасининг ваколатли идораларига расмий мурожаат қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Туркия фуқаросига турмушга чиқиш учун 2020 йил 14 ноябрда Туркияга келган. Қисқа муддат бирга яшагандан сўнг, у оилавий ҳаёти ва ижтимоий шароитидан норози эканлиги, шунингдек, онасининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
Элчихона хабар беришича, ҳозирги кунда мазкур ватандошимиз Денизли вилоятидаги ихтисослашган шифохоналардан бирида коронавирус инфекциясидан даволаниш учун муолажа олмоқда. Шу сабабли у билан тўғридан-тўғри боғланиш имконияти мавжуд эмас.
Денизли вилояти жандармериясининг маълумотларига кўра, беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, ҳамюртимиз танасида жароҳатлар аниқланмаган.
Ушбу масала Денизли вилояти прокуратурасининг махсус назоратига олинган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Вазият Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчихонасининг доимий назоратида, ваколатли органлар ва ҳамюртимиз даволанаётган тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатилган.