Унда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Миллий павильони» ташкил этилди.

Павильонда юртимизнинг туризм салоҳиятини ёритиб борувчи ҳамда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналардан иборат делегация иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, кўргазма давомида Америка, Германия, Саудия Арабистони, Ироқ, БАА, Малайзия, Индонезия, Туркманистон, Тожикистон давлатларидан келган меҳмонлар «Ўзбекистон Миллий павильони»га ташриф буюриб, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди. Қолаверса, халқаро озиқ-овқат савдоси платформалари, компаниялари ҳамкорлик учун таклифлар берди.

Шу билан бирга, кўргазма доирасида «Халқаро ошпазлар мусобақаси» ҳам бўлиб ўтди.

Мусобақада ҳамюртларимиз совринли ўринларни қўлга киритди. Хусусан, Абу Ҳурайра Тўйчихўжаев «Замонавий ошхона – гўштли таом ва балиқли таом» номинацияси бўйича 2 та кумуш медал, Элёрбек Мирбобоев «Замонавий ошхона – гўштли таом» номинацияси бўйича 1 та кумуш медаль, Шохрузхон Ибрагимов «Балиқли таомлар» номинацияси бўйича 1 та бронза медалга сазовор бўлди.

Кўргазма давомида «Ўзбекистон Миллий таомлари» стенди ширинликларимиз, мевалар билан безатилиб, меҳмонларга ош ва сомсалар тарқатилди. Қайд этиш жоизки, меваларимиз хорижликлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, кўргазмани келаси йилларда Ўзбекистонда ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилди, деб хабар беради Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.