Музокаралар давомида «Учбей туризм» фирмаси раҳбари Хулуси Гулсерен туркиялик сайёҳлар Самарқанд ва Бухородаги муқаддас қадамжолар қатори Сурхондарёдаги зиёратгоҳларга ҳам катта қизиқиш билдиришларини маълум қилди.
— Бухородаги «Етти пир» манзилгоҳлари билан бирга Сурхондарёдаги тасаввуф пирлари ва шайхларининг мақбараларига зиёратларни ўз ичига олувчи қўшма тур-пакетларни ишлаб чиқиш яхши натижаларни беради, — деди Хулуси Гулсерен. — Туркиялик сайёҳлар Ўзбекистоннинг ҳар бир гўшасини эъзозлайди. Термизийлар юрти бўлган қадим Сурхон элини кўриш, бу заминдаги мўътабар қадамжоларни зиёрат қилишга бўлган қизиқишимиз ҳам катта».
Бўлиб ўтган учрашув натижасида Сурхондарёдаги зиёрат туризми объектларига оид тарғибот материалларини турк тилида тайёрлаш ва салоҳиятли зиёратчилар ўртасида тарқатиш, Туркиядаги кўргазмаларда вилоят вакилларининг иштирокини таъминлашга келишиб олинди.