Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси муносабат билдирди.

Маълумотларга кўра, у 2025 йил 5 апрель куни Истанбул шаҳрида рўй берган ЙТҲда оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, 15 апрель куни ҳаётдан кўз юмган. Марҳум 17 апрель куни Самарқанд вилоятида дафн этилган.

Айни вақтгача марҳумнинг оила аъзолари ҳодиса юз берганидан кейин Бош консулхонага мурожаат қилмагани маълум қилинди.

Олинган маълумотларга кўра, ЙТҲни содир этган Туркия фуқароси ҳодиса жойидан қочиб кетган, аммо бир кундан сўнг полицияга таслим бўлган. Текширув давомида унинг қонида гиёҳванд модда аниқланган. Шунга қарамай, айни пайтда у қамоққа олинмаган бўлиб, суд мажлиси 2025 йил 2 октябрга белгиланган.

Бош консулхона ҳозирда марҳумнинг оила аъзоларига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.