Ташриф давомида Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит вазири ўринбосари Шохрат Аннамирадов, Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Довлет Маммедов, шунингдек, Туркманистон Республикаси тизим ташкилотлари раҳбарлари ва вазирликнинг тегишли бошқармалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Ташрифдан кўзланган мақсад икки давлат ўртасида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдан иборат. Учрашувлар давомида пахтачилик, уруғчилик, боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги, илм-фан ва рақамлаштириш масалалари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Ҳосилдор, эртапишар ва шўрланишга чидамли маҳаллий ўрта ва ингичка толали навларимизни синаш бўйича дастур ишлаб чиқиш, сабзавот ва полиз уруғликларининг ўзаро алмашувини йўлга қўйиш, янги навларни яратиш ва икки мамлакат тупроқ-иқлим шароитларида синовдан ўтказиш, шунингдек, Билим, инновациялар ва хизматлар миллий маркази (АКИС)да туркман фермер ва мутахассислари малакасини ошириш борасидаги истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Ахал вилоятидаги узумчилик, боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги, мева-сабзавот ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик соҳаларида фаолият юритувчи корхоналар билан танишди.
Ўзбекистон делегацияси туркманистонлик ҳамкасбларини Қашқадарё вилоятининг Қамаши-Миришкор каналида жорий этилган Австралиянинг «Rubicon Water Pty. Ltd» компаниясининг «Сув ресурсларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳаси билан таништирди. Мазкур тажрибани Туркманистонда қўллашга доир фикрлар алмашилди.
Шунингдек, ташриф доирасида «Туркман отлари» давлат бирлашмаси ва Ахалтекин йилқичилиги халқаро ассоциацияси билан Ўзбекистонда йилқичиликни ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Тошкент давлат аграр университети, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Туркманистоннинг Ахалтекин йилқичилиги халқаро ассоциацияси ўртасида йилқичилик ҳамда соф зотли спорт отларини сунъий урчитиш йўли билан кўпайтириш ва наслчилик ишларини йўлга қўйишга йўналтирилган қўшма илмий лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.