«Туркманистон ахборот портали» тарқатган хабарга кўра, бундай тартиб ўқувчиларни соғлом турмуш тарзига қизиқтириш учун киритилган.

«Ҳар шанба дарс бошланишидан аввал барча ўқувчилар учун биргаликдаги эрталабки бадантарбия машқлари бажарилади, дарсдан сўнг эса спортнинг ҳар хил турлари бўйича тўгараклар ёки мусобақалар ҳамда фаол ўйинлар ташкиллаштирилади», — деб хабар беради веб-сайт.

Аввал Туркманистон ОАВ янги ўқув йилидан халқ таълими вазири томонидан тасдиқланган мактабларда янги тартиб жорий этилиши ҳақида хабар берганди. Ўқув йили, одатдагидек, 1 сентябрдан бошланади.

Мактабга киришда навбатчи педагоглар ўқувчилар ва ходимларнинг тана ҳароратини текширади. Барча ўқувчилар ва ўқитувчилар тиббий ниқобда бўлишлари шарт.

Ҳар бир синфда ўқувчилар сони 10-15 кишидан ошмаслиги керак. Шунинг учун ўқувчилар сони кўп бўлган синфлар иккига бўлинади. Биринчи синфларда дарслар 25 дақиқа давом этади. 2-4-синфларда — 30 дақиқа, 5-11-синфларда эса 35 дақиқадан давом этади. Дарс соатлари оралиғидаги танаффус 10 дақиқадан, катта танаффус эса 20 дақиқадан иборат.

Об-ҳавога қараб, жисмоний тарбия, меҳнат, биология, табиатшунослик, экология, тарих, расм дарслари очиқ ҳавода, музейларда, ботаника боғида, спорт майдонларида ўтказилиши кўзда тутилган.

Ўқувчилар ва ходимлар орасида ижтимоий масофа сақланишини таъминлаш мақсадида ҳар бир ўқув муассасасида махсус ажратилган хоналар бўлиши керак, деб хабар беради «Дунё» АА.