Бухоро давлат университетида "Ўзбекистон-бағрикенг диёр" шиори остида "Ректор ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Турфа миллат вакиллари таҳсил оладиган муассасада туркманистонлик талабалар ҳам салмоқли рақамларни ташкил этишади. Бугунги очиқ мулоқот давомида БухДУ ректори Обиджон Хамидов эт ва тирноқдек қардош икки миллат — ўзбек ва туркман халқи ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш хусусида гапириб, битириш арафасидаги талабаларга эзгу тилакларини йўллади.
Учрашув мобайнида “Ўзбекистон кўп миллатли, меҳмондўст диёр” мавзусидаги ижтимоий ролик намойиш этилди. Туркманистонлик битирувчи талабалар самарали таҳсил учун БухДУ ректори ҳамда жамоасига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди. Гапириш асносида кўзлари ёшланган талабалар энг оғир паллалар — пандемия шароитида оила аъзоларидан йироқда бўлган чоғларида ҳам ғамхўрликни аямаган ректор бошчилигидаги меҳрибон жамоага раҳмат айтишди. Ўзбекларнинг меҳр-оқибатига тан берганликларини таъкидлашди.
— Барча ўқитувчиларимизга бизга кўрсатган меҳрибончиликлари, берган билимлари учун миннатдорчилик билдираман, — дейди университет битирувчиси туркманистонлик Азиза Рустемова. — Талабалик давримиз жуда чиройли ўтди, таассуротларимиз катта. Шундай шароитда ўқиб, университетни тамомлаганимиздан мамнунмиз. Ўзбекистон ва Туркманистон дўстлиги абадий бўлсин!