«Турк дунёсидан илҳомлар» гастроль сафари давомида бир қатор келишувларга эришилди. Халқаро Туркий маданият ташкилоти (TURKSOY) ва Фарғона вилояти ўртасида Караман шаҳрида туризм ва маданий алоқаларнинг ҳуқуқий инфратузилмасини йўлга қўядиган ҳамкорлик меморандуми имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда нутқ сўзлаган TURKSOY бош котиби Султон Раев TURKSOY бош котибияти ва Фарғона вилояти ўртасида имзоланадиган ҳужжат муносабатлар ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бўлиб, ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. У, шунингдек, Фарғона ўзининг маданий қадриятлари, қадимий тамаддуни, унумдор замини ва олимлари билан машҳур бўлганини, меъморий обидалари ва табиий бойликлари билан ҳам муҳим туризм маркази эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Султон Раев ва Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ўртасида меморандум имзоланди.
Мазкур меморандум қуйидагиларни назарда тутади:
– турк дунёси маданияти ва меросини асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказиш мақсадида TURKSOY ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорликда илмий-техникавий тадқиқотлар олиб бориш;
– семинар, конференция, симпозиум, конгресс, дала тадқиқотлари, кўргазма, танлов, фестиваль, концерт ва бошқа турнирлар ташкил этиш.
Имзолаш маросимидан сўнг Султон Раев Хуршиджон Аҳмедовни турк дунёси маданияти ва санъатига қўшган улкан хизматлари учун TURKSOY нинг олий мукофоти – «Шон-шараф Олтин ордени» билан тақдирлади.
Шунингдек, хонанда, бастакор ва шоир Отабек Мамазоитовга ташкилот томонидан Ошиқ Вейсел таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан таъсис этилган «Ошиқ Вейсел» медали топширилди.
Маросим якунида «Турк дунёсидан илҳомлар» гастроль сафарида қатнашган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон санъаткорларига совғалар ва сертификатлар берилди, деб хабар беради Туризм в маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун, TURKSOY халқаро ташкилоти 1993 йилда ташкил топган. Унга 6 та давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Туркия доимий аъзо ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади туркий давлатлар ва халқлар ўртасидаги умуммиллий дўстлик ва ҳамкорликни кучайтириш, иқтисодий, моддий-маданий ёдгорликларни асраш, келажак авлодга етказиш, янада ривожлантиришдан ва кенг тарғиб қилишдан иборат.
Қувонарлиси, 2020 йилда Хива TURKSOY нинг маданият пойтахти этиб танланган ва 2022 йилгача шу мақомни сақлаб турган.
TURKSOY ташкилоти Туркий кенгаш, Халқаро Турк академияси, Турк маданияти ва мероси фонди, Халқаро ЮНEСКО ва ISESKO ташкилотлари, МДҲ ижтимоий ҳамкорлик фонди ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.