Мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Транспорт вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасидаги мунтазам авиақатновлар тўхтатилган. Хориждаги фуқароларни Ватанга олиб келиш учун эса Pеспублика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ репатриaцион рейслар ташкил этилмоқда.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 7 июлдаги 33-сон баёнига мувофиқ «Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикасига(дан) йўловчи ташиш бўйича халқаро авиаташувларни ташкил этиш тўғрисида» вақтинчалик тартиб тасдиқланган.
Мазкур тартибга мувофиқ карантин даврини фақатгина меҳмонхоналарда ўтказиш шарти билан туроператорлар ёки авиакомпанияларнинг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда олдиндан фуқароларни меҳмонхонагача кузатув ва меҳмонхонада жойлаштириш хизматларини ташкил қилиш ҳисобига республиканинг барча халқаро аэропортлари орқали етказиб келиш бўйича чартер қатновларини ташкил қилишга рухсат берилган.
Бунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туроператорлар томонидан мамлакатга олиб келинаётган йўловчиларнинг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда меҳмонхонага жойлаштирилишини тўлиқ назорат қилади. Туроператорлар томонидан аэропорт ва чегара ўтказиш пунктлари орқали ташкил қилинаётган ташиш ва 10 кунлик карантинга жойлаштириш хизматлари учун тўловлар олдиндан келишилиши белгиланган.
Туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган репатриацион рейсларга алоқаси йўқ.
Туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётган чартер рейсларининг нисбатан қимматлиги қуйидаги омиллар билан боғлиқ;
- Қатнов амалга оширилаётган давлатнинг талаби билан аксарият ҳолларда парвознинг бир томонга бўш (йўловчиларсиз)амалга оширилаётгани;
- самолётларнинг ижара пули;
- йўналиш масофаси ва нечта давлатлар ҳаво кенглиги ҳудудларидан учиб ўтиши;
- аэронавигацион хизматлар;
- аэропорт ер усти хизматлари ва йиғимлари;
- олиб келинган йўловчиларни аэропорт ҳудудидан меҳмонхонага транспортда етказиб қўйиш;
- меҳмонхонада карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бўлишни назорат қилишни ташкил этиш;
- тиббий ва санитария хизмати харажатлари;
- ПЗР тест синамаларини олиш қиймати ва бошқа молиявий харажатлар, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.