Ҳозиргача таълим соҳасида ҳар хил ёндашувлар қўлланди. Баъзилари ўзини оқлади, аммо аксарияти қоғозда қолиб кетди. Мана, энди чинакамига бағримизга шамол тегди. Ортиқча топшириқлардан озод бўлдик, фақат ўз вазифамиз билан шуғулланяпмиз. Аниқ саъй-ҳаракатларимиз самарасини бермоқда. Хўш, бу натижага, намунали даражага қандай эришдик?
Аввало, аниқ фанларга чуқурлаштирилган мазкур билим даргоҳи жамоаси ва ота-оналар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг қизиқиши, қобилияти ва орзу-мақсадини ўрганиб, тегишли йўналишга ва махсус тайёрлов синфларига ажратиб олдик. 320 нафар ўқувчидан бу йил 21 нафари мактабни муваффақиятли тамомлади ва барчаси олий таълим муассасаси талабасига айланди. Битирувчиларнинг 11 нафари 150 дан юқори балл тўплаб, грант асосида талабалар сафига қўшилди.
Ўқувчиларимиз республика ва халқаро танловларда нуфузли ўринларни қўлга киритмоқда. Масалан, 2020 йили собиқ ўқувчимиз – истеъдодли ёш хонанда Олимахон Тожибоева Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Яна бир шогирдимиз Муҳаммадзоҳир Абдумуталов 2021 йилда математика бўйича Ал-Хоразмий номидаги халқаро олимпиада совриндори бўлди. Мамлакат миқёсидаги турли фан олимпиадаларида эса 13 нафар йигит-қиз фахрли ўринларни олди. Чет тилидан халқаро сертификатга эга ўқувчилар сони йил сайин сони ўсмоқда. 2022-2023-ўқув йилида 12 нафар педагогнинг “Очиқ дарс”и ва услубий тавсиялари туман ва вилоятда оммалаштирилди.
Таълим сифатини кучайтириш, илғор хорижий педагогик технологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш, педагоглар малакасини ва салоҳиятини, ўқитувчи қадри ва мақомини ошириш, сертификатлаш баҳосига мувофиқ, устозлар меҳнатини босқичма-босқич кўтариб бориш куни кеча ўтказилган мажлиснинг асосий мавзуси, дастури бўлди.
2023 йил 28 август санаси ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди, умримнинг янги ва унутилмас саҳифаси очилди. Шу кунги Президент видеоселекторида мен ҳам қатнашдим. Наманган вилояти студияси орқали давлатимиз раҳбари билан самимий суҳбатлашганимдан беҳад хурсандман. Камина директорлик қилаётган мактабнинг эришган ютуқлари, хусусан, уч йилдан буён битирувчиларимиз кетма-кет юз фоиз ҳолда олий ўқув юртларига ўқишга кираётганини айтдим. Шунда Юртбошимиз залдан туриб: “Сизга бугуноқ давлат мукофоти бераман, йиғилишдан чиқиб, фармонга имзо қўяман”, деди. Айни лаҳзалар тушим ё ўнгим эканига ишонолмай, қаттиқ ҳаяжонландим. Мамнун кайфиятда, қувонч ёши билан миннатдорлик билдирдим. Тўғриси, дарров заҳматларим ариди.
Ҳеч қанча вақт ўтмади. Йиғилиш тугаганидан кейин оилам даврасида эдим. Кеч соат 21 ларда телефоним кетма-кет жиринглайверди. Ҳамкасбларим, таниш-билишларим “Маъмура опа, фахрий унвон муборак!” дея суюнчилади. Тонгга қадар табрикларни қабул қилдим ва ҳали ҳам давом этяпти. Субҳидам қўлимни дуога очиб, Яратганга шукрона келтирдим. Кўз ўнгимдан шу кунгача кечирган шодон кунларим, машаққатли йиллар кино тасмасидек ўта бошлади.
2015 йилда “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” ва 2020 йилда “Мўътабар аёл” кўкрак нишонларига сазовор бўлгандим. Тақдирнинг кутилмаган туҳфасини қарангки, бугун шахсан Президентимизнинг алоҳида эътирофи туфайли “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” деган катта унвонга муносиб кўрилдим. Вилоятимиз ҳокими ҳам қизғин қутлади. Саодат ва эҳтиром рамзи сифатида кўксимга орденни тақиб, унвон гувоҳномасини тантанали тарзда топширди.
Ҳа, Шавкат Мирзиёев илгари сурган ғояга таяниб, ёшлар билими ва кексаларнинг тажрибасини уйғунлаштирсаккина, кўзлаган ниятларимизга албатта етамиз. Ватанимизни эркин ва мустақил фикрлайдиган, дунё ёшлари билан ҳар жиҳатдан тенглашадиган замонавий ва иқтидорли янги авлод билан таъминлаймиз, Худо хоҳласа.
Бизларга тарихий очиқ мулоқотда мурожаат йўллаб, янги ўқув йилида куч-қувват ва омад тилаган, ўзгача меҳр билан “фидойиларим, кўмакчиларим” дея ҳурматлаган, доимо эъзозлайдиган, қўллаб-қувватлайдиган, маънавий ва моддий рағбатлантирадиган муҳтарам Юртбошимизнинг соҳамизга ғамхўрлигидан, чексиз эътиборидан бошимизни баланд тутамиз ва ғурурланамиз. Ўйлайманки, изчил ислоҳотларга дахлдор жамики касбдошларим бу юксак ишончни оқлаймиз ва келажак бунёдкорларини баркамол фарзандлар этиб тарбиялашга ўз ҳиссамизни қўшишдан асло толмаймиз.
Маъмурахон СУЛТОНОВА,
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони соҳибаси
Ушбу муносабат «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 30 август, 176-сонида чоп этилган.