Зариф Қурбонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбарининг энергия сотиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди.

Даврон Бозоров Темирйўл массиви электр ҳисоблагичларига хизмат кўрсатувчи монтёр бўлиб ишлаб келади. Д.Бозоров илгари судланиб, жазосини олган. Бироқ у бундан хулоса қилмади. З.Қурбонов билан тил бириктириб, қинғир ишга қўл уришди.

З.Қурбоновнинг бепарволиги, ўз ишига масъулиятсизлиги унга бўлган ишончни сўндирди. «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директорининг буйруғи билан Зариф Қурбонов номига электрон рақамли имзо расмийлаштирилган бўлиб, у орқали Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси истеъмолчиларининг истеъмоли тарихи, қарзи ва киритилган ўзгартиришларни «Электрҳисоб» дастуридан кўриб бориш мумкин. У электрон рақамли имзо орқали Самарқанд шаҳридаги улгуржи ва аҳоли истеъмолчиларининг электр сарфини кузатиб бориш, қарзларни аниқлаш, улар билан ҳисоб-китоб қилиш, ортиқча ҳисобланган қарзларни асословчи ҳужжатларга асосан ўчириб ташлаш имкониятига эга.

З.Қурбонов «Электрҳисоб» дастури орқали Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси номидан фармойиш чиқариш ваколатига эга эмас. Шундай бўлса-да, корхона раҳбари номидан Самарқанд шаҳар электр таъминоти корхонаси бўйича барча аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни хатловдан ўтказиш, хатлов асосида истеъмол қилинган электр энергиясини тўғри ҳисоб-китоб қилиш ҳамда хатлов бўйича юзага келадиган барча камчиликлар бўйича жавобгарликни корхона ходими Д.Бозоровнинг зиммасига юклаш ҳақида ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган ҳамда ҳуқуқий асосга эга бўлмаган фармойишни расмийлаштиради.

Унга корхона раҳбари номидан ўзи имзо қўйиб, Д.Бозоров билан бирга жами 109 нафар улгуржи истеъмолчининг 687 млн 287 минг 705 сўмлик ­ 1 652 721 кВт/соат электр энергияси ишлатгани ҳақидаги маълумотларни ўзгартириб, «Электрҳисоб» дастурига била туриб ёлғон ахборотни киритиб, давлат ва жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказган. Суд ҳукми билан уларга тегишли жазо тайинланди.