Бу мақомга кимлар муносиб?

Бугун барча соҳада ривожланиш, такомиллашиш жараёни юқори суръатда кечмоқда. Илмий-техникавий тараққиёт таълим тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Билим ва касблар хилма-хиллигининг кескин ошиши, ўқув дастурларини доимий янгилаб бориш зарурати, ўқитишнинг янги шаклларини жорий этиш ва илғор технологиялардан фойдаланиш давр талабига айланмоқда. Шундай шароитда янги касбларга эҳтиёж сезилиши шубҳасиз. Тьюторлик шундай касблардан бири.

Тьюторлик Европа университетлари тарихи билан чамбарчас боғлиқ. У илк бор Буюк Британияда пайдо бўлган. XIV асрнинг классик университетлари Оксфорд ва бироз кейин Кембрижда шаклланди. Ўша вақтдан бошлаб тьюторлик олий ўқув юртларида мураббийликнинг ўзига хос шакли сифатида тушунила бошланган. Тьютор — таълим олувчи ва ўқув жараёни ўртасидаги боғловчи шахс бўлиб, унинг ёрдамида ўқиш қизиқарли ва самарали жараёнга айланиши, талаба ҳаёти мумтоз идеаллар билан янада мазмун касб этиши лозим бўлган. XVII асрга келиб, тьюторнинг фаолияти доираси, жумладан, таълим олиш имкониятини кенгайтириш борасидаги ўрни алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Бу касб эгаси ўқув режасини қандай тузиш кераклигини кўрсатадиган, вақтни тўғри тақсимлайдиган, қайси маъруза ва амалий машғулотларга қатнашиш фойдали экани борасида тавсия берадиган, талабанинг ўқишдаги ютуқлари ва университет имтиҳонларига тайёргарлигини назорат қиладиган бўлди. XVII асрда тьюторлик инглиз университетлари тизимининг бир қисми сифатида расман тан олинди.

Шу тарзда тьютор мактабда, университетда, қўшимча ва узлуксиз таълим тизимларида индивидуал ривожланиш жараёни билан бирга ўқувчи ва талабалар учун индивидуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш имкониятини берувчи тарихан шаклланган педагогик касбга айланди.

Айни пайтда Европанинг кўпгина мамлакатларида тьюторлик марказлари ва уюшмалар фаолият юритади. Бу касб вакили боғча, мактаб, коллеж ва университетларда таълим-тарбия олувчига елкадош мураббий ва моҳир консультант, йўл кўрсатувчи вазифасини ўтайди.

Унинг вазифаси нимадан иборат?

Тьютор тегишли малака талабларига жавоб берадиган, юксак ахлоқий фазилатларга эга бирор соҳа мутахассиси бўлиб, асосий вазифаси ўқувчи ёки талабага муайян билим ва кўникмани эгаллашга кўмаклашишдан иборат.

Талабаларнинг дарсни ўзлаштириш ҳолатини таҳлил қилиш ва дарсдан бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлаш, ижтимоий (оилавий) ҳолатидан доимий хабардор бўлиш ҳамиша тьюторнинг диққат марказида бўлади. У ўқувчисининг нималарга қизиқишини аниқлайди, муваффақияти ва муваффақиятсизлиги сабабларини таҳлил қилади, ихтисослаштирилган ва қўшимча курсларни танлашда ёрдам беради. Ўқув жараёнидаги қийинчиликларни бартараф этиш, таълим олувчининг ижодий қобилиятини ривожлантириш, билим олишини назорат қилади. Тьютор талабага ҳар доим ҳамроҳ бўлади. Баъзан уни бошқаради, баъзи ўринларда эса қўллаб-қувватлаб, катта орзу-мақсади рўёби сари ундайди. Шунингдек, талабалар турар жойлари, ижара ва хусусий хонадонларда яшовчи ёшларнинг яшаш манзилларига мунтазам бориб, у ерда яратилган шароит ва муаммоларни ўрганади. Талабаларнинг яшаш ва ўқиш шароитини яхшилашга кўмаклашади.

Тьютор ташкилотчи, сабр-тоқатли, талаба учун очиқ юзли бўлиши муҳим. У ўз нуқтаи назарига эга бўлмаган, мақсадини белгилай олмайдиган талабанинг қизиқишларини аниқлаб, келажаги ҳақидаги тасаввурини бойитади. Талабанинг ҳар бир қадами ва хатти-ҳаракатининг оқибатини англашига ёрдам беради.

Мамлакатимизда янги тизим

Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва бошқа меъёрий ҳужжатлар юртимизда ёшларнинг замонавий таълим олиши учун қулай шароит яратиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. Уларда қатор имтиёз ва енгилликлар кўзда тутилган. Жумладан, ўтган йили олий таълим муассасаларида тьюторлик тизимининг илк бор йўлга қўйилгани ўзига хос янгилик бўлди.

Барча давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳар 120-150 талабага 1 нафар тьютор бириктирилган. Ҳозир 3000 нафарга яқин тьютор 400 мингга яқин талабанинг маънавий ва ижтимоий ҳолатини таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларини бартараф этишга кўмаклашмоқда.

— Шу кунларда 153 талабага етакчилик қиляпман, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мактабгача таълим факультети тьютори Бекзод Жўраев. — Факультетимизда қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларни асосий дарслардан ташқари тўқувчилик, тикувчилик, ҳунармандлик ва мантиқий тафаккурни оширишга қаратилган “Заковат” тўгараги, психология курсига жалб қилганмиз. Талабаларнинг қизиқишига қараб нотиқлик, журналистика йўналиши бўйича ҳам ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ёшларнинг илмий тадқиқот олиб бориши учун керакли маслаҳатларни бериб боряпмиз.

— Аввалига талабаларни ўргандим, — дейди мазкур университетнинг тарих факультети тьютори Фарҳод Раҳматиллаев. — Шундай йигит-қизлар бор, ҳақиқатан ҳам билими кучли. Интилувчан, тартибли. Аммо ўқув учун шартнома пулини тўлашга имконияти етмайди. Баъзилари ўқишдан ташқари пайтда ишлашга ҳаракат қилади. Уларга биринчи мақсад фақат ўқиш бўлиши кераклигини, шартнома пулини тўлашнинг муқобил вариантларини топиш мумкинлигини айтдим. Масалан, ўзаро суҳбат пайтида бир талабамиз ўзи яшайдиган жойда “Темир дафтар”га киритилганини билдим. Дарслар бошланганига тўрт ойдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, қийналганини, ота-онаси йўқлигини ҳеч кимга айтмаган. У яшайдиган ҳудуд ҳокимлиги билан гаплашиб, ҳокимликнинг ўқув шартнома пулини тўлаб бериш ваколатидан фойдаландик. Талабамиз жуда хурсанд бўлди. Университетимизнинг 4 мингга яқин талабаси ижарада туради. Улар яшаётган жойларни шароитига қараб “қизил”, “сариқ”, “яшил” ҳудудга ажратганмиз. Айнан “қизил” ҳудуддаги талабалар тьюторлар ёрдамида яхшироқ шароитли уй ёки талабалар турар жойидаги бўш ўринга кўчирилади. Алоҳида ёндашувни талаб этадиган талабалар билан махсус шуғулланамиз. Руҳшунос билан бирга 1-курс талабасининг психологик портретини шакллантириш жараёнини йўлга қўйдик. Бу келгусида ўзининг мевасини беради.

Гуруҳ мураббийидан фарқи

Тьюторнинг ўқитувчи ёки мураббийдан асосий фарқи шундаки, у ўзига бириктирилган таълим олувчининг қизиқиш ва интилишини, муаммо ва қийинчиликларини чуқур таҳлил қилади. Талаба атрофидаги интеллектуал ва психологик муҳитни синчковлик билан ўрганади. Анъанавий равишда талаба билан ишлайдиган ўқитувчилар ривожланишнинг индивидуал йўналишини танлашда доимо малакали ёрдам беролмайди. Aгар биз аниқ ривожланиш хусусиятларига эга (иқтидорли ёки ногирон) талабалар ҳақида гапирадиган бўлсак, муаммо янада мураккаблашади.

Яна бир жиҳат, баъзи олий ўқув юртларида талабаларнинг ихтисослиги учун жуда аҳамиятли бўлмаган фанлар ўқитилиши сир эмас. Натижада жуда кўп фанларни ўқиган, аммо уларни бир-бири билан боғлай олмайдиган мутахассис етишиб чиқади. Ёки бошқача манзара: абитуриент ўзи танлаган университетга ўқишга киради, аммо муассасада ҳеч ким унинг ривожланиши билан шуғулланмайди. Талабанинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқишдаги устозларига боғлиқ. Аксарият ҳолларда ёшлар ўзининг келажаги ҳақида битирувчи курсда ёки университетни тарк этганда ўйлай бошлайди. Ушбу муаммоларни ҳал этишда эса тьютор ёрдамига эҳтиёж сезилади. Тьютор имтиёз, имкониятларни кўриш, камчиликларни аниқлаш ва индивидуал таълим йўлини яратиш, карьера йўлини белгилашда талабага ёрдам беради.

— Илгари талабалар билан шуғулланиш учун гуруҳ мураббийлари фаолияти йўлга қўйилганди, — дейди Тошкент давлат педагогика университети проректори Феруза Мадраҳимова. — Бу бевосита профессор-ўқитувчининг ўзига юклатилган вазифаси эди. Улар бирорта гуруҳда қирқ нафардан ортиқ талабага мураббийлик қилар ва университет томонидан ойлик иш ҳақига қўшимча 20-25 фоиз устама оларди. Лекин бу қайсидир маънода профессор-ўқитувчига оғирлик қиларди. У дарс ўтиши, илмий иш билан шуғулланиши, бундан ташқари, ўша гуруҳдаги 30-40 талабанинг шахсий ҳаётидан бохабар бўлиши керак. Айниқса, узоқ вилоятлардан келиб ўқиётган талабалар билан ишлаш қийин масала. Улар билан шуғулланиш мураббийга ҳам жисмонан, ҳам руҳан оғирлик қилади. Ана шу нуқтаи назардан, барча олий таълим муассасаларида гуруҳ мураббийи институти бекор қилиниб, ўрнига маоши профессор-ўқитувчининг ойлигига тенглаштирилган бир штат бирлигидаги тьюторлик амалиёти йўлга қўйилди.

— Тьютор талабага ҳам оталик, ҳам оналик қилади, — дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “5 ташаббус” маркази координатори Азизбек Омонов. — У талабанинг оилавий шароитини чуқур ўрганади. Ҳар оилада ҳар хил муҳит. Бу жамият муҳитига тўғри келмаслиги мумкин. Айнан ана шу муаммоларни ўрганиш ва талабанинг кўнглига йўл топиш, муаммони юзага чиқариш ҳам тьюторнинг вазифаси саналади. Агар у юзага чиқмаса, суиқасд ҳолатигача келиб қолиши мумкин. Айнан тьютор лавозимининг жорий этилиши маънавият соҳасидаги ишларнинг тўғри олиб борилиши, ҳар қандай масалада айнан талабанинг ўзи билан бевосита ишлаш имконини бермоқда.

Тьютор фаолиятининг ривожи ва вақтдан унумли фойдаланиши учун уларга планшет берилган. Қаерда, қандай фаолият кўрсатяпти, ким билан қандай шуғулланмоқда — барчаси университет маъмурияти ва отаоналарга онлайн кўриниб туради.

Қандай билим ва кўникмага эга бўлиш керак?

Тьютор ҳам бутун гуруҳ билан, ҳам индивидуал иш олиб боради. Aлбатта, мутахассис педагогик ва психологик билимга, таълим жараёни иштирокчилари билан муносабат ўрнатиш қобилиятига эга бўлиши зарур.

Тьютор таълим тизими ва меҳнат бозорининг ривожланиш тенденциялари, истиқболли касблар ва яқин келажакда қандай компетенциялар талаб қилиниши ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак. У ўз талабаси учун мавжуд таълим имкониятларини тўлиқ кўриши талаб этилади. Шу маънода, бугун юртимиз олий таълим тизимида жорий этилган янги лавозим ёшларнинг малакали мутахассис бўлиб етишишида ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири