Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 656-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳамда тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган.

Низом билан:

  • тьюторлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари;
  • тьюторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • тьюторлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда тьюторларга қўйиладиган малака талаблари;
  • тьюторлик фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби белгилаб қўйилди.

Шунингдек, чора-тадбирлар режасига кўра олий таълим ташкилотларида қуйидагилар амалга оширилади.

2025 йилда:

  • ҳар бир курс вакилларидан иборат “Курс қўмиталари” фаолияти ташкил этилиб, талабаларнинг муаммолари ва қизиқишлари доимий ўрганилади;
  • талабалар билдирган фикрлар асосида “Муаммоларни бартараф этиш дастури” ишлаб чиқилади;
  • талабалар учун махсус ижтимоий платформа ва мобил иловалар яратилади;
  • медиалабораториялар фаолияти ташкил этилади;
  • “Етакчи ва фаол талабалар мактаби” ташкил этилади;
  • “Бир зиёли — 10 талабага маънавий устоз” тизими жорий этилади;
  • мусиқа ва раққослик ансамбллари фаолияти йўлга қўйилади;
  • 2025/2026 ўқув йили давомида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” дарслари ташкил этилади.

2026 йилда:

  • “Амир Темур ворислари” спорт кўрик-танловини ўтказиш низоми ишлаб чиқилади;
  • ҳар бир ҳудуддаги битта ОТМда “Ҳарбий спорт майдончалари” ташкил этилади;
  • тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш индикаторлари ишлаб чиқилиб, рейтинг тизими жорий этилади;
  • энг юқори рейтингга эга тьюторларни рағбатлантириш, паст кўрсаткичли тьюторларга нисбатан таъсир чоралари кўриш механизми жорий этилади;
  • энг самарали фаолият юритган тьюторлар хорижга тажриба алмашиш учун юборилади;
  • тьюторлар фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи рақамли платформа яратилади.

Бундан ташқари, ҳар йили “Энг яхши тьютор” танлови ўтказилади.